• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image

Тасаввур қилинг, «истайман» десангиз уйингиз олдида қимматбаҳо машина пайдо бўлса ёки ўлим тўшагидаги дўстингиз оёққа турса, ҳеч бўлмаган-да, қорнингиз очиб турганида дастурхонингизда шириндан шакар таомлар пайдо бўлиб қолса. Режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Яратганга шукр» фильмида мана шундай воқеалар содир бўлади. Ҳисобчи Содиқжон ҳақидаги ушбу фильм суратга олинганига 2022 йилда роппа-роса 25 йил тўлди. Хўш, чорак асрни қаршилаган фильмнинг суратга олиш жараёнлари қандай кечган?

Зулфиқор Мусоқов — фильм режиссёри:

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

— 1997 йили Япониянинг NHK корпорацияси танлаб олган 16 давлатдан келган ёш режиссёрлар орасида мен ҳам бор эдим. Японларнинг таклифига биноан, ҳар бир режиссёр ўз халқи ҳаёти ҳақида сценарий ёзиши керак эди. «Абдуллажон» фильмидан кейин томошабинлар яна шундай мўъжизавий ҳаёт ҳақида фильм яратишимни сўраб юришганди. Кейин режиссёр Саккей Имамурага «Яратганга шукр» номли сценарийни кўрсатдим. У танлов раисига маъқул келиб, фильм олишни таклиф қилди.

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

Фильмни кўргач, баъзи томошабинларини «Ўзбекларга ошнинг қандай тайёрланиши қизиқми?» деган савол ўйлантириши мумкин. Аммо бу кадрлар японларда катта қизиқиш уйғотган. Фильм жуда қисқа вақт мобайнида суратга олинган. Уни тасвирга олиш учун 27 кун сарфланганмиз. Фильмнинг илк намойиши Токиодаги «Осиё фильмлари» кинофестивалида бўлиб ўтган, — дейди режиссёр Зулфиқор Мусоқов.

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

«Яратганга шукр» фильми «Кичкина табиб» билан олдинма-кетин суратга олинган. Аслида «Яратганга шукр» фильмини тасвирга олиш ижодий жамоанинг режасида бўлмаган. Бор эътибор «Кичкина табиб»га қаратилган вақтда «Яратганга шукр» фильмини яратишга мажбур бўлишган. Аммо у нафақат япон киноижодкорларига балки, ўзбек халқига ҳам манзур бўлган.

Рустам Саъдуллаев — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

Фото: «Vatandosh.uz»

Фото: «Vatandosh.uz»

— Зулфиқор Мусоқов билан «Бомба» фильмида ҳам бирга ишлаганмиз. Яхши режиссёр, ўзига хос йўналиши бор. «Яратганга шукр» фильмига таклиф қилганида аввалига ҳайрон бўлганман. Чунки у пайтларда ҳали компьютер деган нарсалар ривожланмаганди. «Сеҳргарлик билан боғлиқ саҳналарни қандай оламиз?», деб ажаблангандим. Ошнинг учиши билан боғлиқ саҳналар чойхонада суратга олинганди. Хонтахтанинг лаган турадиган ери ўйиб, устига дастурхон ёйиб қўйишганди. Лаганларга ингичка ип тортилганди. Ош тўла ликобчани дастурхондан кўтарилиши хонтахта пастидан бошқарилган. Юқоридан олинган кадрда леска кўринмай, кадрда ошнинг ўзи учаётгандек кўринган.

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

Машинанинг тўртта ғилдираги «тақ» этиб тушиб кетадиган саҳнани суратга олиш учун олдиндан ҳамма ғилдираклар бўшатилиб, омонат қилиб қўйилган. Озгина силкинишдан тушиб кетган, бу юқоридан туриб суратга олинганди, — дея қўшимча қилди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Саъдуллаев.

«Икки қоп хат олганман»

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

— Фильм ҳақиқатан ҳам одамларга ёққан. Болалигимизда ҳаммамиз эртак эшитиб катта бўлганмиз, фильм худди катталарнинг эртагига ўхшади. Шунинг учун ҳам у ёш-у, қарига маъқул келган. Фильм намойиш этилганидан кейин икки қоп миннатдорлик хатларини олганман. «Яна шундай фильмдан суратга олинг. Давоми борми?» деган саволларни кўп беришарди. Аммо фильмларнинг давоми ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлмайди, — дейди актёр Рустам Саъдуллаев.

Бахтиёр Зокиров отасидек эрта вафот этди

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

Афсуски, фильмда суратга тушган актёрларнинг бир нечтаси оламни тарк этишди. Улардан бири Алишер ролининг ижрочиси Бахтиёр Зокировдир. Бахтиёр Зокиров Ўзбекистон халқ артистлари Ботир Зокиров ва Эркли Маликбоевалар оиласида дунёга келган. У мактабни тамомлаб Москва киноматография олийгоҳининг актёрлик бўлимига ўқишга кирган. У ерда Баҳром Матчонов, Дилором Эгамбердиева, Шуҳрат Умаров, Зулхумор Мўминова ва Зуҳриддин Режаметов каби халқимизга яхши таниш бўлган актёр ва актрисалар билан бирга таҳсил олган. У талабалик йилларида «Майсаранинг иши» фильмида Ҳидоятхон ролини ижро этиб, машҳурликка эришган. Актёр умрининг сўнггига қадар «Илҳом» театрида фаолият юритган. Афсуски, у ҳам худди отаси Ботир Зокиров каби қисқа умр кўрган. У 2005 йили 43 ёшида ҳаётдан кўз юмган.

Кичик эпизоддаги катта актёрлар

Фильмда жуда кўплаб машҳур актёрлар суратга тушган. Аммо баъзиларининг роли битта эпизод билан кифояланган. Аммо қисқа эпизодлар ҳам томошабин эътиборига тушган. Масалан, Обид Юнусов, Хусан Шарипов, Тамара Шокирова, Афзал Рафиқов, Сайёра Юнусова каби истеъдодли актёрлар жамоаси асосий ролларни ижро этишмаган бўлса-да, фильм муваффақиятига ўз ҳиссаларини қўшишган.

Режиссёр Диаснинг тирик қолишини истаган

Фото: Скриншот

Фото: Скриншот

Фильмда Диас ролини ижро этган актёр Рихсивой Алиев аслида Зулфиқор Мусоқовнинг ассиценти бўлган. Бу рол бошқа актёрга берилиши керак бўлган, аммо унинг қандайдир сабаб билан съёмка майдончасига келмаган. Режиссёр вақтдан ютқазмаслик учун ассицентидан фойдаланган. Сценарийга кўра, Диас сўнгги операциядан сўнг вафот этиши керак эди. Аммо съёмка майдончасида режиссёр Содиқнинг хоҳишига кўра у тирик қолиши ва операция хонасидан чиқиб, рақсга тушишини истаган.

Фильм муваффақияти кўп жиҳатдан пишиқ сценарий, маҳоратли режиссёр ва истеъдодли актёрлар жамоасига боғлиқ дейишади. Агар улар фильмда мужассам бўлса, йиллар ўтиб кадрларнинг хиралашгани ҳам томошабинлар эътиборининг сустлашишига сабаб бўлолмайди.

Мавзуга доир:

«Дада» 12 ёшда: Фильм қандай суратга олинган? Бош рол ижрочиси — чақалоқ ҳозир қандай кўринишда? (фото)

«Опа-сингиллар» 10 ёшда: сериал қандай суратга олинган? Бош қаҳрамонлар ҳозир қандай кўринишда ва нима билан банд?

Фаҳш саҳналар, «конфет» актёр-актрисалар, савиясиз сценарийлар. Қўзиқориндек болалаган ўзбек сериаллари ҳақида

Ўхшаш янгиликлар