• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image

Актрисаликдан узоқлашган Севара Солиева фақат қизлардан иборат ансамблни тузиб, қўшиқчилик фаолиятини бошлаганини маълум қилди. Аммо унинг ҳозирча бирорта муаллифлик қўшиқлари йўқ.  Аммо ўзбек актрисалари орасида машҳур бўлишига қарамай, ўзини қўшиқчилик соҳасида ҳам синаб кўраётганлар ҳам бор. Келинг, бир неча йил аввал қўшиқ айтган ёки энди ўзидаги хонандалик маҳоратини кашф этаётган ижодкорлар билан танишамиз.

Дилноза Кубаева

Фото: Instagram

Маҳоратли актриса Дилноза Кубаева шу кунгача «Элда бўлсин», «Ҳаёт гўзал», «Лейлам» каби қўшиқларни ижро этган. Бундан ташқари, телелойиҳалар учун Алишер Файз билан «Янги йил», Мурод Ражабов билан «Кел, кел дедим» номли дуетларни ҳам ижро этган. Ҳайратланарлиси шундаки, энг талабгир бўлган актриса ҳам кейинги пайтларда муаллифлик қўшиқларини яратиб, уларга клип суратга олмоқда.

— Қўшиқ айтиш шунчаки севимли хоббиларимдан бири. Ҳозирча ундан бирор мақсадни кўзлаганим йўқ. Аслида муаллифлик қўшиқларимни узоқ танаффуслар оралиғида ижро этганман. Фақат улар ижтимоий тармоқларга кетма-кет жойланди, холос, — дейди Дилноза Кубаева.

Зарина Низомиддинова

Фото: Instagram / @zarinanizomutdinova

Айни кунда фарзандларининг тарбияси билан банд бўлган актриса Зарина Низомиддинова 2014 йили хонандалик фаолиятини бошлаганди. У «Афсонавий» ва «Мени кечир» номли қўшиқларни ижро этиб, клип суратга олганди. Бундан ташқари, ёш ижодкор билан «Сен юрагимда» номли дует таронани ҳам ижро этганди.

Асал Шодиева

Фото: Instagram / @asalshodieva

Асал Шодиева актриса бўлмасидан аввал хонандалик билан шуғулланган. У давлат тадбирларида иштирок этиб, «Ўзбекисон» номли қўшиғини ижро этарди. Шу кунгача, актриса Асал Шодиеванинг «Сохта» ва «Чегарасиз» номли муаллифлик қўшиқлари ҳам бор. Фарзандлар тарбияси билан банд бўлган актриса яқинда «Учта сўз» номли қўшиқ ва клипни тақдим этди. Афсуски, қўшиқ YouTube тармоғига жойлангач, у қадар илиқ фикрлар бўлмади. Кузатувчиларнинг кўпчилиги «Ҳурматингизни билиб, қўшиқ айтманг», деган маънодаги изоҳларни қолдирди.

Ситора Алимжонова

Фото: Instagram / @sitora_alimjanova

Актриса Ситора Алимжонова 8 йил аввал хонандалик фаолиятини расман бошлаганди. Афсуски, кўп ўтмай унга продюсерлик қилган компания билан молиявий келишувга эришмай, хонандалик фаолиятига нуқта қўйган. У телелойиҳалар учун Отабек Муталхўжаев билан «Севар ёрим», Ёдгор Мирзажонов билан «Тегаман» дуетларини ижро этган. «Йўғуборим» ва «Опажоним» сингари муаллифлик қўшиқларини ҳам ижро этган. У ҳозир тўй хизматларига фақатгина «Опажоним» қўшиғини ижро этиш учун боради.

Шаҳзода Муҳаммедова

Фото: Instagram

Актриса Шаҳзода Муҳаммедова 9 йил аввал «Сенсиз» номли қўшиқни ижро этган. Қўшиқнинг клипида укаси Хожиакбар рол ижро этган. Кейинчалик у Диёрбек Маҳкамов, Қиличбек Мамадалиев ва Озода Нурсаидоваларнинг таклифига кўра улар билан дует куйлаган.

Жамила Ғофурова

Фото: Instagram

Актриса Жамила Ғофурова ҳеч қачон хонанда бўлишни орзу қилмаган. Фақатгина таклифларни рад этмаслик учун қўшиқ куйлаган. Актриса шу кунгача телелойиҳалар учун «Ҳабибим» ва «Еясим галди» қўшиғини дует тарзида ижро этган. Бундан ташқари, у беш йил аввал хонанда Даврон Эргашев билан «Бидир-бидир» номли дуетни ижро этган. 2021 йили эса «Хиёнат» номли қўшиқни ҳам яратган.

Ойдин Юсупова

Фото: Instagram

Анчадан буён кино ва сериалларда кўриниш бермаётган актриса Ойдин Юсупова 10 йил аввал «Файруз» гуруҳи билан «Афсус» номли дуетни ижро этган. Орадан анча вақт ўтиб, хонандалик фаолиятини ҳам бошлаганини маълум қилганди. У «Кел» номли қўшиғига клип суратга олиб, оммага тақдим этган. Афсуски, ҳозирги кунда у на қўшиқ, на рол ижро этади.

Жайрона Ҳасанова

Фото: Instagram

Айни кунларда салбий роллари билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Жайрона ижодини хонандаликдан бошлаган. У «Сени ўйладим», «Унутолмадим», «Ҳаёт» каби муаллифлик қўшиқларини ижро этган. Афсуски, фаолиятини давом эттиришга моддий имконияти бўлмагани учун кўрсатувларда бошловчилик қилган. Ундан кейин режиссёрлар уни ролларга таклиф этган. Ҳозирда уни тўйларга хонанда эмас, бошловчи сифатида таклиф этишади.

Хонзода

Фото: Instagram / @xanna__official

Актриса ва блогер Хонзода ҳам қўшиқ ижро этган. У ўтган йили «Салом, Ханна» қўшиғини ижро этганди. Афсуски, қўшиқ у қадар муваффақиятли бўлмади. Шу боисданми ижодкор шу кунгача бошқа қўшиқ ижро этгани йўқ.

Дурдона Қурбонова

Фото: Instagram

Актриса Дурдона Қурбонова ҳам хонандалик фаолиятини бошлади. Ҳозирча у фақатгина Билол билан бирга «Лейлам» қўшиғини ижро этган холос. Аммо хонанда дуетдоши билан бирга тўй хизматларида иштирок этмоқда. Хонанда расман хонандалик фаолиятини бошлаганини ҳам Instagram орқали маълум қилди.

               Мавзуга доир:

Муаллиф:Наргизахон Муродова

Ўхшаш янгиликлар