• 11212.97
  • 11622.24
  • 183.62
weather Тошкент: +8°C
Detail image

«Дарё» нашри 22 сентябрда Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этади.

«Россия ўз йўлини танлади, ортга қайтиш йўқ» — Медведев

Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Россия ўз йўлини танлаганини ва «орқага қайтиш йўқ» эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россияда эълон қилинган қисман сафарбарлик Украинада референдумлар бўлиб ўтишини, ДХР, ЛХР ва «бошқа ҳудудлар» Россия таркибига киришини билдиради.

«Россия нафақат сафарбарлик имкониятлари, балки Россиянинг ҳар қандай қуроллари, жумладан, стратегик ядровий қуроллар ва янги тамойилларга асосланган қуроллардан ҳам бундай ҳимоя учун фойдаланиш мумкинлигини эълон қилди», — деб ёзди Медведев.

Meduza нашрининг хабар беришича, Владимир Путиннинг сафарбарлик тўғрисидаги фармони еттинчи бандида бир миллионгача одам армияга чақирилиши мумкинлиги айтилган.

«Рақам бир неча марта тузатилган ва охир-оқибат миллионга етган», — дейилади хабарда. Ҳозиргача Россияда ҳарбий сафарбарликка қарши бўлиб ўтган намойишларда 1400 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.

Ижтимоий тармоқларда Москва ва Петербургдан амалга оширилаётган сон-саноқсиз парвозлар ҳаракати видеоси тарқалди.

Россиянинг Қозоғистон ва Грузия билан чегараларида ҳам бир неча километрлик навбатлар юзага келди.

«Россия БМТ низомининг асосий тамойилларини уялмасдан бузди» — Жо Байден

БМТ Бош ассамблеясида «Россия БМТ низомининг асосий тамойилларини уялмасдан бузди», — дея таъкидлаган Жо Байден Путиннинг ядро қуроли борасидаги таҳдидларига тўхталди. «Россиядан ташқари ҳеч ким можарога интилмаяпти», — дейди АҚШ президенти.

АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош ассамблеясида Россия масаласига тўхталди, деб ёзади «Lenta.ru».

Зеленский БМТдаги чиқишида Украина учун 5 бандли «тинчлик формуласи»ни тақдим қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясидаги видеонутқи чоғида Украина томонидан ишлаб чиқилган беш бандли «тинчлик формуласи»нинг таркибий қисмларини санаб ўтди.

У дастлабки тўртта бандни Россияни санкциялар, изоляция ва махсус трибунал орқали жазолаш, Киевга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали украиналикларнинг ҳаётини ҳимоя қилиш, мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклаш ҳамда хавфсизлик кафолатларига риоя қилиш деб атади.

«Бешинчи банд — дунёнинг Украина атрофида бирлашишдаги жасорати», — деб таъкидлади Зеленский.Владимир Зеленский Россия билан тинчлик келишувлари бўйича Украина томонидан таклиф этилмаган ҳар қандай вариант рад этилишини айтди.

Айни пайтда Европа Иттифоқи Россияга қарши тез орада янги санкциялар жорий этиши маълум қилинди. Путин сафарбарлик эълон қилганидан кейин Хитой Россия ва Украинани ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Туркия эса Украина ҳудудларида Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказилишини қоралади.

Айни вазиятда Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари ҳам ўз фуқароларига Украинада жанг қилишни тақиқлади.

Ўхшаш янгиликлар