• 10830.17
  • 11391.17
  • 203.96
weather Тошкент: +26.2°C
Detail image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги «Чорсу» бозорида шакарга турнақатор навбатлар кузатилаётгани, харидорлар шакар тугаб қолаётганидан ваҳимага тушаётгани кўринган видео тарқалди. «Дарё» мазкур ҳолатни воқеа жойига бориб ўрганди.

«Бугун эрталаб соат 09:00 да 10 минг сўмдан уч кило шакар олиб кетгандим. Ҳозир келсам, 12 минг сўмга чиқибди. Мураббо ёпмоқчи эдик, шакар етмаяпти. Нега нарх ошди? Нега яна халқни қийнашяпти? Тушуниб бўлмаяпти, ўзимиздан чиқаётган шакарни халқ учун сотишлари керак-ку. Мураббо қилсак, қишда гўшт емасак ҳам, шу мураббони еймиз-да», — дейди Козим Мирсолиев.

Козим Мирсолиев.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Бозордаги харидорлардан бирининг айтишича, у анча пайтдан бери навбатда турса-да, шакар ололмаяпти.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Йил бўйи шакар сотиб олишга биринчи марта чиқишим экан. Аммо шунақа навбатга дуч келдим. Анчадан бери туриб, шакар ололмаяпман. ‘Обед’ деб кетишганди, энди эса сотишмаяпти», — дейди у.

Муяссар Маҳмудова.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Шакар харидорларидан яна бири Муяссар Маҳмудованинг айтишича, у икки-уч кун аввал ўзи яшовчи ҳудудда шакарни 18 минг сўмдан олган.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Одатда мавсум пайтида хоҳласак-хоҳламасак, нарх ошади. Мен икки-уч кун илгари ўзим яшайдиган ҳудуддан шакарнинг килосини 18 минг сўмдан олдим», — дейди Муяссар опа.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Дарё» билан суҳбатда бўлган Нафосат Жалилованинг айтишича, у кеча, 8 июнь куни шакар олиш мақсадида «Чорсу» бозорига тушган. Аммо бир соат навбатда турса-да, шакар ололмаган.

Нафосат Жалилова

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Ҳозир ярим соатдан бери кутяпман. Иккита жойдан навбат олганман. Қаерда навбатим келса, ўша ердан шакар олмоқчиман. Ҳозир савдо дўконларида шакар йўқ, катта супермаркетларда эса икки килодан ортиқ сотишмаяпти», — дейди Нафосат Жалилова.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Шакар харидори Нафосат Жалилованинг айтишича, пишиқчилик пайтида ҳар доим шакар нархи ошган.

«Ҳозир мавсумда шакар кўп керак бўляпти-да, кейинчалик ҳеч кимнинг иши бўлмай қолади. Тўғри, шакар тугаб қолмайди, аммо иссиқда навбат кутиб туриш амримаҳол. Шу одамларни қийнаяпти», — дейди харидор.

«Эски Жўва» деҳқон бозоридаги шакар сотувчиларидан бирининг айтишича, бозордаги шакар сотилаётган жойларнинг бирида тушга қадар 11 тонна шакар сотилмоқда.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Шакар кўп, аммо одамлар ваҳимага тушиб қолган, шекилли, ёппасига шакар сотиб олишга тушишган. Ҳар бир харидорга белгилаб берилганидек 5 килодан шакар сотяпмиз», — дейди сотувчи.

Бозордаги арзон шакарга харидорлардан бири Набира Менгбаеванинг айтишича, аслида у бозорга шакар олиш мақсадида тушмаган.

Набира Менгбаева.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Ўғлим ва келиним кофе ичади-да, шунга улардан шакар керакми, деб сўрагандим, кўтара олсангиз, майли олиб келинг, дейишгани учун навбатда туриб, шакар олиб кетмоқчи бўляпман», — дейди Набира опа.

Шакар харидорларидан яна бири Равшан Пирматовнинг айтишича, бозорларда шакар танқислиги кузатилмоқда.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Ўзи кундалик ҳаёт учун кўп шакар кетмайди. Дейлик, кунига 100 грамм кетса, шунга қараб олмоқчиман. Аммо навбатлар кўп экан», — дейди Равшан Пирматов.

«Эски Жўва» деҳқон бозори АЖ раҳбари Шуҳрат Файзуллаевнинг маълумот беришича, бозорда 10 та жойда арзонлаштирилган нархда 10-12 минг сўмдан шакар сотилмоқда.

Шуҳрат Файзуллаев.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Бозорда кунига 50 тонна, шанба ва якшанба кунлари эса 70 тоннагача шакар сотилмоқда. Ҳозир Тошкент шаҳридаги 12 та бозорда ҳам шу аҳвол. Шакарга талаб кўпайган. Аммо харидорларимиз шакар кўплигини, шакарни етарли даражада таъминлаб бера олишимизни тушунишмаяпти», — дейди бозор раҳбари.

Масъулнинг айтишича, бозорда шакарга навбатнинг юзага келиши одамларнинг эҳтиёжидан кўп шакар харид қилиши билан боғлиқ.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

«Бугун Spark ҳайдовчисининг ҳаракатини кузатиб, унинг бозордаги мавжуд 10 та жойдан ҳам шакар олишга уринганини кўрдик. Суриштирсак, унинг машинасида 158 кило шакар бор экан. Нега бунча шакар оляпсиз, шунча шакарга эҳтиёжингиз борми, деб сўрадик. Лекин, афсуски, эҳтиёж йўқ. Ачинарлиси, мана шунақа инсонлар сабаб шакарга турнақатор навбатлар юзага келяпти», — дейди Шуҳрат Файзуллаев.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Бозор масъулларининг айтишича, бозорда сотилиши мўлжал қилинган шакардан ташқари 10 тоннагача захира яратилган.

«Фуқароларимизга мурожаат қилиб, ваҳимага берилмасликларини, бозор раҳбарияти аҳоли эҳтиёжига етарли даражада шакар топиб беришини маълум қиламиз», — дейди бозорқўм.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев

Ўхшаш янгиликлар