• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.5°C
Detail image

Шу йилнинг 6 июлида жаҳонга машҳур мусиқачи, дудук устаси Живан Гаспарян 92 ёшида вафот этди. «Дарё» саксон йилдан кўпроқ умрини санъатга бағишлаган, дунё саҳналарини забт этган, миллионлаб мухлисларини топган маэстронинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Қўлидаги мўъжизакор дудук билан қалбларга ором бағишлайдиган, кишини турмуш ташвишларидан андак қутқариб, мусиқий кенгликларга улоқтирадиган, тириклигидаёқ афсонага айланган Живан Гаспарянни энди энтикиб, соғиниб эслаймиз. У ижро этган куйни илк эшитганимда ўрнимда қотиб, ичимга ғусса оқиб кирганди. Йўқ, у одамни эзиб-янчадиган ғам эмас, аксинча, ичидаги ғуборларини укпардек тўзғитадиган мунгли куй эди. Ўрик дарахтидан ясалган митти, мўъжаз дудук ҳар қандай тингловчини сукунатга чўмдириб, узоқ-узоқларга хаёлан элтишини маэстро Живан исботлаб берган эди. «Ёш пайтим дудукни эски замон асбоби санардим» – деганди бир интервьюсида мусиқачи. «Чунки унда энг қуйи табақа – этикдўзлар, ҳунармандлар куй чаларди-да! Энг қизиғи, улар ҳозир мен чаладигандек ижро этишмасди – бошқача эди. Дудукда гап кўп. Ҳатто, аждодларимиз билмайдиган сирлари бор. Унда бир қанча куйни: классик, жаз, рок, яна эрамизгача ижро этилганларини куйладим».

1928 йилнинг 12 октябрида арманлар яшайдиган кичкина Солак қишлоғида (Раздан шаҳридан унча узоқ бўлмаган) туғилган митти Живан эрта ёшдан етимга айланади. Хаста онанинг вафоти, отасининг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларига жўнатилиши сабаб болакай сағирлар уйида вояга етади. Йиллар ўтиб, эсини таниркан, 6 ёшида қўлига тушган «назар ногир» дудукда мустақил куй чала бошлаганини кексалик пайти болаларига сўзлаб беради: «Нега айнан дудукни танлаганимни билмайман. Отамнинг эски ашулаларни маромида айтишини ҳисобга олмаганда, оиламизда мусиқачилар бўлмаган. Илк даъфа дудукнинг сеҳрли мунгини эшитганимда, ёғочдан ясалган асбоб шундай оҳанг таратиши, чиройли тембрга эгалиги мени асир этганди. Дудук – инсон қалби, унинг тарихи, илтижоси, дуоси. 99 марта йиғлаб, бир марта кулади».

Фото: «ТАСС»

Ҳар бир соҳа, касб қатори мусиқада ҳам устоз, йўл кўрсатувчи муаллим муҳим. Аммо замоннинг оғирлиги, жаҳон урушидан кейинги очарчилик ва қайта тикланишнинг сермашаққатлиги кичкина Живанни ҳам қисти-бастига олиб, аямай синарди. Унга маслаҳат бериб, мусиқий қобилияти бор-йўқлигини айтадиган устознинг кўпи жанггоҳларда қолиб кетганди. Фронт ортидагилар эса фақат қора меҳнат, бир бурда нон топиб ейиш ғамида яшарди. Ҳамма ҳам ҳаёт ва ўлим орасида тирик қолишга уринарди. Дудукига термулиб, уриниб-суриниб йўл топишга интиларкан, Живан илк машғулотларини ёлғизликда, пана-пастқамда бошлашга аҳд қилади. Аввалига беўхшов, калта-култа куйлар янграр, нота нималигини билмаган болакай қай йўсин ижро этишни билмай гарангсир, кексайиб қолган мусиқачиларнинг ижросини тинглаб-тинглаб, уларга тақлид қилар, эшитган куйини тинмай такрорлайвериб, секин-аста йўналиш топарди. Ўрганганларини ўртоқлари – болалар уйидаги сағирлар қаршисида куйлаб, чапак-мақтов оларди.

Йигирмани тўлдирганда миллий қўшиқ ва рақс ансамбли аъзолари сафига қўшилиб, Арман филармония оркестрининг якка солисти сифатида илк ижросини тақдим этади-ю, ўша замоннинг «катта»лари назарига тушади. «1948 йил эди. Ансамблда куйлардим. Москвада чақирилган қурултойга келдик. Ансамблимиз совринли ўринни олди ва ҳамма ғолиблар Политбюро қаршисида сўзлашга таклиф этилди. Концерт Катта театрда ўтди. Мен якка ўзим куйладим. Ижройимни тинглаб, Сталин «Победа» деган тилла соатни совға қилди. Хотиржам куй чалардим-у, ижро тугаши билан, билмайман нега, саҳна ортига зув қочардим. Эсимда, Сталин ложада ястаниб мундштукидаги сигаретасини чекар, саҳна билан у ўтирган ложа ораси бор-йўғи уч метрча чиқарди. Соатни кейинчалик алмашдим. Ўшанда пулдан зориқиб яшардик. Мен билан тўрт ўртоқ соатни бўғирсоқ билан бир кружкадан пивога алмашгандик. Очарчилик авжи нуқтасига етганди».

Арман халқ чолғулари ансамбли. 1944 йил (марказда 16 ёшли Живан Гаспарян)

Фото: 24 СМИ

Ёшлик гастролларга уланиб, умр соатлар йўлларга сочилгани сари Живаннинг довруғи, маҳорати ошар, мухлислари сони ҳам кўпаярди. 1957 йил мусиқачи ҳаётини ўзгартирди: илк марта хорижга, «Берёзка» ансамбли билан Америкага йўл олган дудук соҳиби кейинчалик бу ердан қўним топиб, катта саҳналарни забт этади, нуфузли мукофотларга лойиқ топилади. Ҳатто сафарлардан бирида келиб чиқиши арман бўлган америкалик ёзувчи Уильям Сароян Гаспарян ижросини тинглаб унга: «Бу ижро – ижро эмас, балки – илтижодир», деб лутф қилади.

Америкага кетиш қарори бирдан рўй бермайди, албатта. Туғилиб-ўсган, қадрдонлари атрофида баҳамжиҳат яшаётган ўлкани ташлаб кетиш ҳар доим ҳам осон эмас. Ҳаммага ҳам ўз уйи – ўлан тўшаги қадрдон. Бироқ сен бор куч-ғайратинг, истеъдодингни кимгадир бағишласанг-у, қадрланмасанг, бундан ёмони йўқ. «Аҳволимиз жуда абгор эди», – деб эслаганди Гаспарян бир суҳбатда. «Бу ерда ҳеч нарса қилолмасдим. На свет, на газ бор эди – ҳеч нарса йўқ. Кимдир ўлса, қувонардик, чунки икки соат свет бериларди. Бунақа шароитда қандай яшаш мумкин? Америкаликлар мени «Рус хонадони» фильмида бирга ишлашга таклиф этишди ва шартта жўнадим. 40 кундан кейин грин-карта олдим».

Америкадаги ижодий парвоз Гаспарянга улкан имконият дарвозаларини очади. 2000 йили дунё кинотеатрларини забт этган «Гладиатор» фильмидаги куйи эътироф этилади. Бастакор Ҳанс Симмер унинг «ғуссадан ҳоли» куйини эшитибоқ бирга ишлашни ва «Гладиатор»га атаб нимадир яратишини сўрайди. Жараён ҳақида журналистлардан бири сўраганда, бастакор: «Ҳансга импровизация қилиб бердим. Кейин икки кун куй ёздик ва қай бири кетиш-кетмаслигини маслаҳатлашдик. Менинг импровизациям кетадиган бўлди. Мусиқамиз ‘Олтин глобус’га муносиб топилди. Нақ 45 дақиқа солистлик қилдим. Демак, бу мукофот ‘меники’ дейишга тўла асос ва ҳаққим бор», – деганди.

Бундан аввал «Тарона» фирмаси учун 1983 йили ёзиб берган илк альбоми – «Арман халқ куйлари» 1988 йилдаги 25 минг инсонни ҳалок этган даҳшатли зилзиладан кейин такрор ва такрор эшитилди. Халқнинг оғир кунида дудукдан таралган оҳанг дардни салга аритгандек бўлди. Альбом 1989 йили «Бу оламда ғамгин бўлмайман» номи билан қайтадан чиқарилиб, оламшумул шуҳратга эришди. Мунгга йўғрилган куй зилзила вайрон этган кўнгилларни қайта «тирилтир»ди, маҳзунликни сал бўлса-да аритди, яшашга куч берди.

Фото: Google Photos

Америкадан сўнг Англиядаги концертларга бирин-кетин ёғилаётган таклифларни бееътибор қолдирмаган Гаспарян бу ерда нақ беш йил қолиб кетади. Инглиз саҳналарида арман халқ куйлари, жаҳон мусиқаларини ижро этиб, миллионлаб мухлис олқишини олади, орада «Мусиқа санъатига қўшган ҳиссаси учун» нуфузли WOMEX (World Music Expo) мукофоти берилади.

Серж ТанкянАндреас ВолленвейдерЛайонел РичиПитер ГебриелҲанс СиммерБрайан МэйБорис Гребеншчиков каби санъат аҳли билан умр бўйи ҳамкорлик қилиб, фильмларда баҳамжиҳат ишлади. 2015 йили Истанбулда турк гитарачиси Эркан Оғур билан бирга ёзган «Фуад» альбоми мусиқа исталган жароҳат-ярани тузата олиши, ижодкор учун кенг майдон эканини исботлаб беради. Шу йиллари Москва бўйлаб яккахон концертларида ёнида ҳамиша невараси кичик Живанни олиб юрар, унга дудукнинг жамики асрорини ўргатиб, «фақат қалб билан ижро этиш»ни уқтирарди. Бугун бобосининг изидан кетаётган, дудук анъаналарини давом эттираётган набира маэстронинг руҳини шод этаётган бўлса, ажабмас.

Арман консерваториясида 70 профессионал дудук ижрочиларини ўқитган, саҳна санъатидан сабоқ берган Гаспарян концертлари бутун дунёдан келадиган мухлислар, тингловчилар билан ҳамиша лиқ тўлган. «Феълимда лирика устун. Камина меҳрибонлик, яхши сўзларни хуш кўраман. Мени ранжитишлари ва ўзим ҳам бировни ранжитишни ёқтирмайман. Яшасанг, сокин, осуда яша. Кўп пулнинг кераги йўқ менга. Сиёсат билан шуғулланмайман. Фақат мусиқа», дея ҳаётий принципларини изоҳлаб берган Живан Гаспаряннинг нафақат, мусиқий мероси, яна номи ҳам абадиятга муҳрланди.

Чарос Низомиддинова

Ўхшаш янгиликлар