• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

«Сетора» гуруҳи ва Равшан Собиров томонидан ижро этилган «Хайр мактабим» қўшиғи ўзбек мактаб битирувчиларининг мадҳиясига айланган, десак муболаға бўлмайди. Бу йил мазкур қўшиқнинг ижро этилганига 22 йил бўлади. Ўтган вақт мобайнида бу қўшиқни тинглаб, ижро этиб қанчадан-қанча ўқувчилар мактабни тамомлади. «Дарё» мухбири Наргизахон Муродова қўшиқ билан боғлиқ қизиқарли маълумотларни олиш мақсадида унинг ижодкорлари билан суҳбатлашди.

Қўшиқ ғояси кимга тегишли?

Фото: Instagram / @feruza_latipova

2000 йили «Tarona Records» студиясининг асосчиси Равшан Йўлдошев бастакор Ҳусан Содиқовга мактаб битирувчиларига бағишлаб қўшиқ яратиш таклифини беради. Хонанда Равшан Собировнинг амакиси Ҳусан Содиқов ўша пайтда жияни билан бирга республика бўйлаб ўтказилаётган гастрол сафарлари билан банд эди. У ижодий сафар чоғида қўшиқнинг илк вариантини яратади. Уни яратишда Равшан Собировнинг сафардаги созандаси Одилжон Маҳмудов синтезаторда дастлабки мусиқий безакни чалиб берган. Ҳусан Содиқов мусиқа профессионал бўлиши учун уни «Болалар» гуруҳи мусиқий безакчиси Вагиф Зокировга юборган. У қисқа вақтда гитара соласини қўшиб, Ҳусан Содиқовга тайёр мусиқани кўрсатган.

Клипни Баҳодир Йўлдошев суратга олган

Фото: Instagram / @ravshansobirov

Ҳозирда Россияда яшайдиган ҳамда рус эстрадасида яхши клипмейкер сифатида танилган Баҳодир Йўлдошев илгари «Tarona Records»нинг доимий ҳамкорларидан бири бўлган. Равшан Йўлдошев «Хайр мактабим» клипини суратга олишни унга топширади. Клип пойтахтдаги 145-мактабда икки кун давомида суратга олинган. Қўшиқ ижрочиларининг таъкидлашича, улар клип сценарийсини ёзишга ҳам улгуришмаган. «Сетора» гуруҳи қизларининг мактаб либосларини Равшан Йўлдошевнинг аёли (хонанда Лоланинг онаси) Гулнора Йўлдошева топишга кўмаклашган. Қўшиқ ва клип илк марта 2000 йилнинг 25 май куни омма эътиборига ҳавола этилган.

Фото: Instagram / @feruza_latipova

«Сетора» гуруҳининг вакили Камила Хўжаева «Хайр, мактабим» қўшиғининг яратилишини қуйидагича эслайди.

—Биз «Tarona Records»нинг топшириғига кўра «Хайр, мактабим» қўшиғини ижро этганмиз. Рости, у пайтда қўшиқ бу қадар оммалашиб кетишини кутмагандик. Чунки клип учун деярли маблағ сарфланмаган, қўшиқ ҳам шошилинчда ёзилган. Клип олинадиган куни сюжет қандай бўлишини ҳам билмасдик. Фақат бизда «Ҳаммаси табиий бўлсин, уни кўрганлар мактаб хотираларини эслашсин», деган ният бўлган холос, — дейди Камила Хўжаева.

Мазкур қўшиқнинг яралишида бастакор, кўплаб хит тароналар муаллифи Ҳусан Содиқовнинг ҳиссаси катта. У «Хайр, мактабим» қўшиғининг матн ва мусиқа муаллифидир.

Фото: Ҳусан Содиқов архивидан

— 2000 йили Равшан Собиров кетма-кет хит қўшиқларни ижро этиб, халқ оғзига тушаётган ижодкор эди. Унинг қўшиқларини мен ёзиб берардим. «Tarona Records» асосчиси Равшан Йўлдошев ҳамкорликда ишлашни таклиф этди. «Сетора» гуруҳи унинг илк продюсерлик лойиҳаси эди. Бир куни Равшан ака битирувчиларга бағишлаб қўшиқ ёзишимни сўради. Мусиқасини ёзгач, шоир Бобур Бобомурод билан боғландим. Кўп ўтмай у шеър ёзиб жўнатди. Шеър яхши эди, аммо тўлиқ адабий қоидалар асосида ёзилгани учун сўзлар мусиқа билан уйғунлашмади. Мусиқа бор шеър йўқ, деб ўтирганимда ҳаёлимга «25 май баҳорнинг сўнгги куни бўлади ва шу кун болалик ҳам тугайди», деган фикр келди.

Баҳорнинг сўнгги кунлари

Тугар болалик чоғлари

Жаранглайди сўнгги қўнғироқ

Хайр мактабим, хайр дўстларим, шўхлигим.

Мана шу мисраларни ёзгач, қолганини ҳам мусиқага мослаб ўзим ёзишим керак, деган қарорга келдим.

Фото: Instagram / @feruza_latipova

Равшан Собиров ва «Сетора» гуруҳининг дуэт куйлаши шунчаки тасодиф бўлмаган. Бунга гуруҳ продюсери Равшан Йўлдошев билан келишувимиз сабаб бўлган. У пайтларда радиолар унча кўп бўлмасди. Клип ҳам биргина «30 канал»да премьера қилинган. Аммо тезда одамларнинг оғзига тушиб, битирувчилар мадҳиясига айланган, — дейди Ҳусан Содиқов.

Хонанда Равшан Собиров «Хайр, мактабим» қўшиғи битирувчилар учун ўтказиладиган концерт олдидан шошилинчда ёзилганини қуйидагича эслайди.

— Равшан Йўлдошев «Туркистон» санъат саройида «Сетора» гуруҳи билан концерт беришимизни сўраганди. Фақат концерт олди шу мавзуда бирор қўшиқ яратишни таклиф қилди. «Қўшиқ сизлардан, клип харажати эса мендан», деди. 24—25 май кунлари концерт, аммо гастрол концертларидан бўшамай юрган кезларимиз эди. Самарқанддаги концертдан чарчаб қайтгач Одил аканинг уйида қўшиқ ғояси пайдо бўлган. Баъзилар қўшиқ шўх, ёшларбоп бўлиши кераклигини айтганида Ҳусан Содиқов «Битирувчилар бу қувончли кунда йиғлашади, демак мусиқа ҳам шунга ҳамоҳанг бўлиши керак», деганди.  «Туркистон»даги концерт кутилганидан ҳам аъло ўтди, қўл телефонлар йўқ бўлса-да, тингловчилар радиоларга қўнғироқ қилиб қайта-қайта шу қўшиқни сўрашарди, — дейди хонанда Равшан Собиров.

2015 йили гуруҳ вакили Лейла Равшан Собиров билан «Хайр, мактабим» қўшиғини қайтадан ижро этди. Янги ижрони гуруҳнинг бошқа вакиллари қандай қабул қилишди? Бу саволга хонанда Камила Хўжаева қуйидагича жавоб берди.

Фото: Instagram / @ravshansobirov

— 2015 йили Швейцарияда эдим, гуруҳдан фақат Лейла Тошкентда эди. Шу боис у Равшан Собировнинг таклифини рад этмади. Феруза ҳам қўшиқ қайтадан куйланишига қарши бўлмади. Қўшиқ битирувчилар мадҳияси у қайта ва қайта янги версияда ижро этилаверади. Бундан фақат хурсанд бўламиз, — дейди хонанда Камила Хўжаева.

Мактаб ва сўнгги қўнғироқ мавзусидаги бошқа қўшиқлар

«Хайр, мактабим» қўшиғини битирувчилар мадҳияси деб ҳисобласак ҳам ундан аввал ижро этилган «Эй синфдош» таронаси ҳам машҳурликда ундан қолишмайди. Мазкур таронани 31 йил аввал андижонлик битирувчи йигит устозлари ва синфдош дўстларига бағишлаб ижро этган. Қўшиқнинг сўзи ва мусиқаси ҳам ижрочининг ўзига тегишли. Кейинчалик у Жаноб Мирзо тахаллуси билан ижод қилган. Аммо «Эй синфдош» қўшиғини Жаноб Мирзодан сўнг кўплаб ижодкорлар ҳам қайта куйлаган.

Жаноб Мирзо «Эй синфдош» 

Сирдарёлик хонанда Асатилло Ҳолиқов 1998 йили «Сўнгги қўнғироқ» номли қўшиқни ижро этган. У пайтларда ижтимоий тармоқлар ривожланмаган бўлса-да, қўшиқ қисқа вақтда омма эътиборига тушган. Хонанда мазкур қўшиқнинг шеърини навоийлик шоир Мурод Менглибоевнинг китобидан олган. Сўнг бастакор Алишер Икромовга мусиқа басталатган. Қўшиқ ўша йили ўтказилган «Ўзбекистон — ватаним мани»  қўшиқлар танловида ғолиб бўлган.

Асатилло Ҳолиқов — «Сўнгги қўнғироқ» 

Қуйида санъат ихлосмандлари томонидан яхши қарши олинган мактаб ва синфдошлар мавзусидаги бошқа қўшиқлар ҳам келтирилади.

Хуршид Расулов «Синфдош» 

Лола — «Мактаб» 

Шуҳрат Дарё — «Синфдош қиз» 

Жаҳонгир Отажонов — «Синфдош қиз» 

Ҳамдам Собиров —  «Мактабимда»

Отабек Муталхўжаев — «Хайр, мактабим»

Нилуфар Усмонова —  «Мактаб»

Шароф Муқимов — «Хайр, мактабим»

Ўхшаш янгиликлар