• 11212.97
  • 11622.24
  • 183.62
weather Тошкент: +9°C
Detail image

Барчин Ғофурова «Бахт овчиси» сериалидаги Зуля образи билан томошабинлар эътиборини қозонди. Ушбу образ актриса томонидан ўта ишонарли тарзда ижро этилгани боис, унга ижтимоий тармоқларда турли ҳақоратлар, таҳдидлар ҳам бўлди. «Дарё» мухбири Наргиза Муродова Барчин Ғофурова билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида актриса нима сабабдан салбий ролларни ижро этиши, танқидга учрагани ва ҳаётидаги қийинчиликлари ҳақида гапирди.

«Раққоса бўлишимга қарши бўлишган» 

Фото: Instagram / @barchin_gafurova

— Ота-онам асли қашқадарёлик бўлишган, аммо мен Тошкентда туғилганман. Болалигимдан раққоса бўлишни орзу қилардим. Аммо оила аъзоларим бу касбни эгаллашимга жиддий қаршилик қилишди. Ҳеч бўлмаса актриса бўлишимга рухсат беринглар, деб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Драма актёрлиги» бўлимига ҳужжат топширганман. Афсуски, ўша йили шартнома пулини тўлолмаганим учун ўқишдан четлаштиришган. Бир йилдан сўнг яна ҳужжат топшириб, бужет асосида ўқишга қабул қилинганман. Айримлар ўйлагандек, санъатга бегона инсон эмасман. Институтни битириб, Ўзбекистон давлат Сатира театрида ҳам ишладим. Аммо труппа раҳбарининг қўпол муомласи сабаб, театрдан кетишга қарор қилдим.

«Ижара уйда яшаш азобини биламан» 

Фото: Instagram / @barchin_gafurova

— Оилада икки фарзандмиз. Укам иккимизнинг болалик йилларимиз ҳавас қилгудек ўтган. Афсуски, мактабни битириш арафасида укамда жиддий хасталик аниқланди. Онам уйимизни сотиб, укамни даволатишга қарор қилди. У кунларни эслаш жуда оғир. Шукрки, укам Прагада узоқ вақт даволаниб, касалликдан бутунлай халос бўлди. Аммо ижара уйда яшаш осон эмасди. Яширмайман, пулдан қийналганим учун дарсдан кейин ошхоналарда ишлашимга тўғри келган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг эски биноси яқинида «Гап» кафеси бор эди. Ҳар куни дарсдан кейин официантлик қилардим. Унинг доимий мижозларидан бири актриса Саида Раметова эди. Мен ҳам шу инсон каби актриса бўлоламанми деб орзу қилардим. Орзум Озод Шамснинг «Ишқ ўйинлари» сериалида амалга ошди.

«Рол учун берадиган пулим йўқ» 

Фото: Instagram / @barchin_gafurova

— Аёл санъаткорларга жуда қийин. Битта ролга эришгунча бемаъни таклифлар ва камситилишларга чидаш керак. Яширмайман, мендан кўплаб режиссёрлар рол учун пул сўрашган. Шу боис кўплаб кастинглардан «Тўрт йил нега актёрлик бўйича ўқидим», деб жаҳл қилиб чиқиб кетганман. Чунки у пайтдаги моддий аҳволим оғир эди. Театридан оладиган 500—600 минг сўм ойлигим ижара уй ва еб-ичишимдан ортмасди.

Фото: Барчин Ғофурова архивидан.

Ҳаётимга кутилмаган ташвишлар кўп бора соя солган. Шулардан бири 2015 йили 25 май куни содир бўлди. Ўшанда театрда «Қўш арава» спектаклининг тайёргарлик жараёни эди. Онам қўнғироқ қилиб, метронинг Абдулла Қодирий бекатида йиқилиб жароҳат олганини айтди. Кўзимга ҳеч нарса кўринмай, югуриб саҳнадан чиқиб кетдим. Келсам онам метродан чиқиш эшиги олдида йиқилганча ўтирибди. Бирорта инсон қўлидан тутиб, нега йиқилганининг сабабини сўрамаган, бекат ходимлари ҳам тез ёрдамга қўнғироқ қилишмаган. Захда шунча пайт қолиб кетган онамга ачиндим ва тез ёрдамга қўнғироқ қилдим. Суяк сингани учун онам анча қийналди. Операция қилдирмаса юролмай қолишини айтишди, аммо менда етарли пул йўқ эди. Шунда қариндош-уруғлар ва театрдаги ҳамкасбларим озгина пул йиғиб беришди. Умарали Баротович деган шифокор аҳволимни кўриб, «Менга пулингиз керак эмас», деганда, қувонганимдан онам юриб кетса, бутун шифохонага ош тарқатаман, деб ният қилгандим. Шукрки, ниятим кўп ўтмай амалга ошди.

«Мен ижобий ролда «яшолмайман»

— Кўпчилик мени «Бахт овчиси» сериалидан сўнг таниди. Аммо ундан аввал ҳам бир неча фильм ва сериалларда суратга тушганман. «Қадам», «Ишқ ўйинлари», «Ожиза», «Она замин» сериалларида ҳам ўзига хос ролларни ижро этганман. Аммо «Бахт овчиси» сериалидаги ролим омадли чиқди. Аслида бу ролга «Афандининг қизлари» жамоасидаги Нигора Абдуллахонова тайинланганди. Аммо суратга олиш жараёнлари бошланишига уч кун қолганда ролга тасдиқландим. Мен ижобий ролда яшолмайман. Аммо салбий ролни мириқиб ўйнайман.

Фото: Instagram / @barchin_gafurova

«Бахт овчиси» сериалидаги Зуля ролидан уялмайман. Аксинча, шу йўлни танлаш остонасида турган қиз аёлларга таъсир этолган бўлсам хурсанд бўламан. Аввалига ижтимоий тармоқлар ролимга нисбатан айтилган  ножўя фикрларга тўлиб кетди. Ҳатто, Instagram орқали «Сени ўлдираман, уятсиз, ролингдан уялсанг бўларди», деган таҳдидлар ҳам бўлди. Аммо ҳозир кўпчилик томошабинлар рол моҳиятини тушуниб, миннатдорлик билдиришяпти. Айниқса бекалар кўча аёллари қандай йўл билан эркакларнинг кўнглига йўл топишини сериал воқеалари асосида тушунишди. Эрларига бўлган эътиборни кучайтиришган бўлса ажабмас.

Сериал «пиари» кўпгина давраларда муҳокама этилди. Аслида видео қандай тарқаб кетганидан хабарим йўқ.

Бир куни эрталаб Озод Шамс қўнғироқ қилиб, сериалдаги саҳналардан бири тарқаб кетгани ва кўпчилик мени ҳаёсизликда айблаётгани ҳақида айтди. Видеони кўриб, қаттиқ ранжидим. Режиссёр билан тортишдим. Чунки кичик парчани ҳар ким ўзича талқин қилиши мумкин, бу саҳна нима мақсадда олинганини тушуниш учун сериални бошидан-охиригача кўриш керак.

Баъзилар ўйлагандек оиламиз эркаклари даюс эмас, улар шунчаки санъатни тушунишади. Менимча, видео сериалнинг рекламасига хизмат қилди.

Фото: Instagram / @barchin_gafurova

— Баъзилар ўйлагандек, бадавлат инсоннинг қизи ёки ўйнаши эмасман. Фақат актрисаликнинг ортидан пул топаман. Укам Нью-Йорк шаҳрида яшайди. Баъзи пайтларда моддий ёрдам беради. Онам билан 300 АҚШ доллари тўлаб кичик квартирани ижрага олганмиз. Мени енгилтабиат деб ўйлайдиганлар бир марта суҳбатлашгач, ҳаётда Зулянинг акси эканимга амин бўлишади. Нима қилай ижобий ролларни кўп ижро этдим, аммо томошабинлар эътиборига тушгани йўқ. Салбий ролим эса томошабинлар эътиборини тортди.

Онам санъаткор бўлмаса-да, бу соҳага қизиқади. Мендан аввал сценарийларни ўқиб чиқади, ҳатто рол учун ҳам либосларни ўзи танлайди. Олти юз минг нафақа пулини ҳам ўзига сарфламай, менга либослар сотиб олади.

Фото: Instagram / @barchin_gafurova

— Ташқи қиёфамни тез-тез ўзгартириб тураман. Аввал сочим қора ва узун эди, ундан кейин сариқ сочларни танладим. «Ишқ ўйинлари» сериали режиссёри Озод Шамс сериал учун сочларимни калталатишимни сўради. Шу сабаб узун сочлардан воч кечганман.

Эслатиб ўтамиз, актриса 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Қарши шаҳридаги 1-сонли мактабни тамомлаган. Шу кунгача асосан сериалларда суратга тушган. 

Мавзуга доир:

Ўхшаш янгиликлар