• 10683.68
  • 12410.16
  • 154.09
weather Тошкент: +13.2°C
Detail image

Миллионлар ўйини футболда шундай гап бор: «яхши футболчи ҳар доим ҳам яхши мураббий бўлавермайди». Ва айнан ушбу ибора узоқ йиллардан бери ўз исботини топиб келмоқда. Айни дамда жаҳон футболининг энг номдор мураббийлари қаторида тилга олинадиган Хосеп Гвардиола (бироз баҳсга сабаб бўлиши мумкин), Юрген Клопп, Томас Тухель сингари мураббийлар ўртамиёна футболчи бўлган. «Футбол қироллари» сифатида тилга олинадиган Диего Марадона, Пеле ва бир қатор етук футболчилар эса мураббийлик борасида катта натижалари билан умуман мақтана олмайди. Шу билан бирга, ҳам яхши футболчи, ҳам етук мураббий сифатида фаолият юрит(аёт)ганлар ҳам бор, бундайлар сирасига Зинедин Зидан, Ёхан Кройф, Антонио Конте, Карло Анчелоттини келтириш мумкин. Аммо мураббийлар орасида яна бир тоифа борки, уларни футболнинг «асл эгалари» (футбол ичидан чиққанлар) унчалик ҳам хушламайди. Бу тоифа мураббий бўлишдан олдин профессионал футболчи бўлмаган мутахассислардир. «Дарё» бугун (тўлиқ рўйхатга даъво қилмаган ҳолда) ана шундай мураббийларнинг таниқлилари ҳақида ҳикоя қилади.

Альберто Заккерони (Италия, 68 ёш)

Фото: Google Photos

Рўйхатни 2011 йилда Япония терма жамоасини Осиё чемпиони қилган италиялик мутахассис Альберто Заккерони бошлаб беради. Ёшлар ва ҳаваскорлар ўртасида бир қанча муддат тўп суриб, профессионал фаолиятини йўлга қўя олмаган Заккерони 30 ёшида мураббийлик фаолиятини бошлайди. У фаолияти давомида Италиянинг уч гранди — «Милан», «Интер» ва «Ювентус»ни бошқарган кам сонли мураббийлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, Заккерони «Удинезе», «Лацио» «Торино» клублари, Япония ва БАА терма жамоаларига ҳам устозлик қилган. Унинг энг катта ютуқлари сифатида 1999 йилда «Милан»ни Италия чемпиони қилгани ва 1998 йилда «Удинезе» билан А Серияда бронза медалини қўлга киритганини айтиш мумкин. Шунингдек, юқорида тилга олинганидек, у Япония терма жамоасини Осиё чемпионати ғолибига айлантирган.

Карлуш Кейруш (Португалия, 68 ёш)

Фото: Google Photos

Ўзбекистонлик мухлисларга Эрон терма жамоасидаги фаолияти орқали яхши таниш бўлган Карлуш Кейруш 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Португалияни икки марта чемпион қилгани билан мураббий сифатида дунёга танилган.

Асли Мозамбикда туғилган Кейруш анча ёшлигида профессионал футболчи бўла олмаслигини тушуниб етади ва ўзини мураббийлик соҳасида синаб кўришга қарор қилади. Ёшлар билан катта муваффақиятларга эришгач, унга Португалия миллий терма жамоаси ҳам ишониб топширилади. Бироқ асосий жамоада унинг омади юришмайди, португаллар унинг қўл остида Евро—1992 ва ЖЧ—1994 га чиқа олмайди.

Шундан сўнг у «Спортинг» клуби ҳамда БАА ва ЖАР терма жамоаларида фаолият юритиб, маълум ютуқларга эришади. Кейинчалик унинг иқтидорини Алекс Фергюсон пайқайди ва уни «Манчестер Юнайтед»га таклиф қилади. Фергюсон билан Англия Премьер Лигаси ғолиби бўлади, бу натижа унинг «Реал»да иш бошлашига замин яратади. Бироқ Мадрид клуби уни қониқарсиз натижалар туфайли бир йилдан сўнг истеъфога чиқаради.

2008 йилда Кейруш яна Португалия термасида иш бошлайди. Бироқ бу сафарги натижалар ҳам арзигулик бўлмайди.

2011—2019 йилларда эса Эрон терма жамоасини бошқаради ва Осиё жамоасини икки марта Жаҳон Чемпионатига олиб чиқади. 2019—2020 йилларда Колумбияга устозлик қилган Кейруш ҳозирда Миср терма жамоасини бошқармоқда.

Андре Виллаш-Боаш (Португалия, 43 ёш)

Фото: Twitter

Андре Виллаш-Боаш ҳақида гап кетганда, кўпчилик мухлислар уни Еврокубокларда ғолиб бўлган энг ёш мураббий сифатида эслайди. У 17 ёшидан бошлаб мураббийликка ўқий бошлаган ва 19 ёшида профессионал жамоани бошқариш имкониятини берадиган А категориясига эга бўлади. 2003 йилдан бошлаб «Порту»да Жозе Моуриньога ассистент сифатида иш бошлайди. Моуриньо «Интер» ва «Челси»ни бошқарганда ҳам унга ёрдамчилик қилади. 2010 йилдан эса «Порту»да мустақил иш бошлайди. Ўша мавсумда жамоа билан Португалия чемпионати ва Кубоги, мамлакат Суперкубоги ҳамда Европа Лигасида ғолиб бўлади. У бу натижаларга эришган вақтида бор-йўғи 34 ёшда эди.

Шундан кейин унинг фаолиятида пасайиш кузатилади — қисқа муддатдан «Челси» ва «Тоттенҳэм»ни бошқаради. Бундан ташқари, унинг резюмесида «Зенит» ва «Шанхай СИПГ» каби клубларни ҳам учратиш мумкин. Унинг сўнгги иш жойи Франциянинг «Марсель» жамоаси бўлди, у 2021 йилнинг баҳоридан бери ишсиз.

Виллаш-Боаш ўзини автопойгада ҳам синаб кўришга улгурди. 2018 йилда у Дакар раллисида иштирок этди. Унинг жамоаси йўлтанламас автомобиллар йўналишида 4-кунга келиб 41-ўринда бораётганди. Бироқ унинг автомобили аварияга учрайди ва Андре белидан жароҳат олади. Шундан кейин унинг «Овердрайв» жамоаси мусобақадан чиқади.

Рафаэл Бенитес (Испания, 61 ёш)

Фото: Twitter

Рафаэл Бенитес Виллаш-Боашдан фарқли ўлароқ анча вақтгача футбол билан шуғулланган. У Мадрид клубларининг ёшлар жамоаларида тўп сурган, бироқ 1979 йилги Универсиада ўйинларида жароҳат олиб, ҳали бошланиб улгурмаган карьерасига нуқта қўяди.

Жароҳатидан кейин қуйи лига жамоаларида тўп тепган Бенитес 1986 йилдан бошлаб профессионал мураббий сифатида иш бошлайди. У бошқарган клублар рўйхатига қаралса, фақат машҳур номларни учратиш мумкин: «Валенсия», «Ливерпуль», «Интер», «Челси», «Наполи», «Реал Мадрид» ва «Ньюкасл». Эътиборлиси, Бенитес мазкур клубларнинг барчаси билан совринларга эга чиққан, фақатгина унинг «Реал»даги ярим йиллик даври совринсиз ўтган. 2019 йилдан 2021 йилгача Хитойга ҳам саргузашт қилиб келган Рафа ҳозирда «Эвертон»га устозлик қилмоқда.

Жозе Моуриньо (Португалия, 58 ёш)

Фото: Getty Images

Сўнгги ўн йилликнинг энг яхши мураббийларидан бири Жозе Моуриньо юқоридаги ҳамкасбларидан фарқли равишда жароҳат сабаб эмас, балки ўз хоҳишига кўра футболчи бўлиш фикридан қайтади. У ўзини келажакда мураббий сифатида кўради ва шу соҳада таълим олишни бошлайди. «Беназир» болалар жамоасидан то дунёнинг энг кучли клубларигача бўлган йўлни босиб ўтади.

Маълумки, футбол оламида ўз ўрнига эга бўлган айрим мутахассислар Моуриньонинг мураббийлик қобилиятига шубҳа билан қарайди ва уни шунчаки омади келиб қолган оддий бир таржимон (бундай дейишларига сабаб, Моур мураббийлик курсисига ўтиргунига қадар клубларда таржимонлик қилган) деб билади. Бироқ Моуриньога нисбатан бундай дейилиши адолатсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Унинг танқидчилари бундай жиддий баёнот бериш учун камида «Порту» даражасидаги клуб билан Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлиши керак, Моуриньо эса бу ишни узоқ бўлмаган 2004 йилда уддалаган.

«Порту»дан кейин «Челси», «Интер», «Реал», «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» сингари жамоаларни бошқарган «Беназир» Португалия, Англия, Испания ва Италия чемпиони ҳисобланади. Шунингдек, у «Интер» билан ҳам Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан.

Бундан ташқари Моуриньо ўзининг ноодатий характери ва «теша тегмаган» иқтибослари билан ҳам исталган мураббийдан ажралиб туради. Айнан шу сабаб ҳам унга юқорида тилга олинган «Беназир» лақаби берилган.

Моур ҳозирда «Рома»ни яна аввалги даражасига қайтариш устида ишламоқда. Умуман олганда, ёшлигида футболчи бўлмаган мураббий учун ёмон натижалар эмас, шундай эмасми?

Маурицио Сарри (Италия, 62 ёш)

Фото: Getty Images

Саррининг ҳаёт йўли мазкур рўйхатдагиларникидан тубдан фарқ қилади. Ёшлигида велоспорт билан шуғулланади, шундан сўнг футболга қизиқиб қолади. Лекин миллионлар ўйинида ҳам омади юришмагач, ўзини банк соҳасида синаб кўради.

Бироқ 33 ёшида яна футболга қайтади ва Италиянинг олтинчи дивизионида иштирок этадиган жамоага мураббий бўлади.

Шу тариқа у босқичма-босқич олдинга қадам ташлайди ва 55 ёшида, 2013/14 йилги мавсумда камтаргина «Эмполи»ни А Серияга олиб чиқади. Ўшанда жуда кўплаб экспертлар «Эмполи»ни аутсайдер сифатида баҳолаб, жамоа яна Б Серияга тушиб кетади деган фикрни илгари сурганди. Аммо Сарри жамоаси якунда барча тахминларни йўққа чиқара олди ва мусобақани 15-ўринда якунлаб, элитада қолиш вазифасини бажарди.

Кейинчалик «банкир»нинг саргузаштлари янада қизиқ тус олди: у «Наполи»га мураббий бўлди ва неаполликлар билан Италия чемпионатида икки бор кумуш ва бир марта бронза медалига сазовор бўлди. 2018/19 йилги мавсумда «Челси» билан Европа Лигасида ғалаба қозонди. 2019/2020 йилги мавсумда эса «Ювентус» билан А Серия ғолиби бўлади. 2021 йилнинг июнь ойидан Римнинг «Лацио»сида иш бошлади.

Мураббийликни энди бошлаш арафасида турган ёш ва тажрибасиз йигитларга Саррини бемалол қатъият ва меҳнат намунаси сифатида кўрсатиш мумкин.

Юлиан Нагельсман (Германия, 34 ёш)

Фото: Twitter

Рўйхатимизга унинг энг ёш вакили Юлиан Нагельсман якун ясаб беради. У 19 ёшига қадар турли жамоаларда қўним топиш учун ҳаракат қилган, бироқ тиззасидаги сурункали жароҳатлар туфайли ҳали эскириб улгурмаган бутсиларини михга илади.

Шундан сўнг у бизнес ва спорт соҳасида таҳсил олади ва маълум муддат «Аугсбург» клубида «Челси»нинг ҳозирги бош мураббийи Томас Тухель билан ишлаб кўради.

2010 йилда эса «Ҳоффенҳайм» структурасида иш бошлайди. 2016 йилда, 28 ёшида жамоага бош мураббий этиб тайинланади. Шу тариқа у Бундеслиганинг энг ёш мураббийига айланади. «Ҳоффенҳайм»даги дастлабки мавсумда жамоани элитада сақлаб қолишнинг уддасидан чиққан бўлса, келаси йилларда жамоа Германия чемпионатида 4 ва 3-ўринларни эгаллайди. Бу клуб тарихидаги энг яхши натижалар эди.

2019 йилда Нагельсманнинг фаолиятида янги саҳифа очилади, у «Лейпциг» бош мураббийи этиб тайинланди. Лейпциг клуби унинг қўл остида Бундеслигада 3-ўринни эгаллаган бўлса, Чемпионлар Лигасида ярим финалга қадар етиб боришнинг уддасидан чиқади.

2021 йилда унга мамлакатнинг энг номдор ва кучли клуби — «Бавария» ишониб топширилди. Нагельсман Германия терма жамоасига кетган Ҳанс Фликнинг ўрнини эгаллади. 34 ёшли Нагельсман мураббий сифатидаги илк совринини 2021 йилнинг август ойида қўлга киритди: «Бавария» билан Германия Суперкубогида «Боруссия Д»ни мағлуб этди.

Ҳамма нарса яхшиликка деганларидек, Нагельсман агар футболчи бўлганида ҳам шундай ютуқларга эришган бўларди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди...

Муаллиф:Билол Эркин

Ўхшаш янгиликлар