• 10803.97
  • 12194.44
  • 136.82
weather Тошкент: +2.4°C
Detail image

Россияда REvil хакерлар жамияти тугатилди, деб хабар бермоқда «РБК» Федерал хавфсизлик хизматига таяниб. Ушбу хакерлар хорижий компанияларнинг ахборот ресурсларига ҳужум қилган.

Фото: «РБК»

ФХХда таъкидланишича, АҚШ ваколатли органларининг «жиноий ҳамжамият раҳбари ҳақида, унинг зарарли дастурларни жорий этиш, маълумотларни шифрлаш, сўнг шифрни очиш учун пул талаб қилиш орқали хорижий юқори технологияли компанияларнинг ахборот ресурсларига қилинган тажовузларга алоқадорлиги ҳақида хабар қилувчи» мурожаати ушбу гуруҳни қидириш учун асос бўлган.

Операция Москва шаҳри, Санкт-Петербург, Москва, Ленинград ва Липетск вилоятларида олиб борилган. 14 нафар хакердан 426 миллион рублдан ортиқ (5,5 млн доллар) пул, жумладан, криптовалюта, 600 минг доллар, 500 минг евро, 20 та премиум-класс автомобили мусодара қилинган.

«ФХХ ва Россия Ички ишлар вазирлигининг биргаликдаги ҳаракатлари натижасида уюшган жиноий ҳамжамият ўз фаолиятини тўхтатди, жиноий мақсадларда фойдаланиладиган ахборот инфратузилмаси зарарсизлантирилди. Операция натижалари ҳақида АҚШнинг ваколатли органлари вакиллари хабардор қилинди», — дейилади ФХХ хабарида.

Ҳибсга олинганлар Жиноят кодексининг 187-моддаси, 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни (тўлов воситаларини ноқонуний айлантириш) содир этганликда айбланган. Нафақат хакерлар ҳибсга олинди, балки улар ишлатган инфратузилма ҳам зарарсизлантирилди, дейди ФХХ.

Киберхавфсизлик Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байден ўртасида 2021 йил июнь ойида Женевада бўлиб ўтган саммит мавзуларидан бири бўлганди. Музокаралардан сўнг Байден президентлар қайси нишонлар киберҳужумга дучор этилмаслиги масаласида келишиб олганини айтган. Байденнинг сўзларига кўра, у Путинга хакерлик ҳужуми уюштириш тақиқланадиган 16 та инфратузилма сектори рўйхатини таклиф қилган.

Саммитдан сўнг, ўз навбатида, Путин Америка манбаларига асосланиб дунёдаги киберҳужумларнинг аксарияти АҚШдан бўлишини айтган.

2021 йилнинг июль ойида Байден Путин билан телефон суҳбати чоғида Россияни ўз ҳудудида хакерлар фаолиятини тўхтатиш учун чора кўришга чақирди. АҚШ президенти Вашингтон «ушбу муаммога қарши ўз халқи ва муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун» зарур чораларни кўришига ваъда берди.

2021 йилнинг апрель ойида REvil Apple’нинг асосий етказиб берувчиларидан бири бўлган Тайваннинг Quanta Computer компаниясига ҳужум қилди. Bloomberg хабарига кўра, хакерлар тўлов дастурини жойлаштириб, унга 50 миллион доллар ўтказишни талаб қилган. REvil Quanta Computer’ни бузиб киргач, хакерлар компаниянинг сўнгги ишланмаларини олиш имконини қўлга киритган ва уларни тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, Apple’дан пул ундиришга уринган.

Ўхшаш янгиликлар