• 11074.93
  • 11863.47
  • 194.90
weather Тошкент: +31.4°C
Detail image

Ижтимоий тармоқларда актёр Алишер Узоқовнинг хорижга кетаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Узоқов бошловчилик қилаётган «Ким экан?» шоу-дастури ҳам тўхтатилгани маълум бўлди. «Дарё» мухбири Наргиза Муродова Алишер Узоқов билан суҳбатлашиб, унинг чет элга нима сабабдан кетаётганига ойдинлик киритди.

Фото: Instagram /@alisheruzakov_official

— Хорижга кетяпман, аммо бу кўрсатувнинг тўхтатилишига асосий сабаб эмас. Кўрсатув бошланмасидан аввал уни энг ширин жойида тўхтатишни ният қилгандик. Инсон ўз вақтини тўхташни ҳам билиши керак. Томошабинлар яхши қабул қиляпти, деб сони учун ишланса, қарсак чалаётган одамларни ҳам бездириб қўйиш ҳеч гап эмас. Олдиндан бир нарса деёлмайман, аммо сафарлардан эсон-омон қайтсам, балки кейинроқ унинг давомини суратга олармиз, — дейди Алишер Узоқов.

 Алишер Узоқов яқин кунларда суратга олиниши режалаштирилаётган «Жалолиддин Мангуберди» сериалининг иккинчи мавсумида суратга тушади, деган гап-сўзларга ҳам ойдинлик киритди.

— Ҳақиқатан ҳам сериалга таклиф этилдим. Лекин уни бу сафар ҳам рад этдим. Яширмайман, сериалнинг биринчи мавсумида ҳам Туркияга бориб, съёмка бошланмасидан аввал Ўзбекистонга қайтиб келганман. Бунинг, албатта, ўзига хос сабаблари бор. Яқин кунларда бошқа хориж давлатига сафар қилишни режалаштиряпман. Асосий мақсадим медиядан ташқари соҳада ҳам ўқиб, ўз имкониятларимни синаб кўрмоқчиман, — дейди Алишер Узоқов.

Агар лойиҳа режиссёри ёки продюсери «Ким экан?» кўрсатувига бошқа бошловчи олишни истаса, буни Алишер Узоқов қандай қабул қилади?

— Хурсанд бўламан ва бунга қаршилик қилмайман, — дея жавоб берди актёр ва телебошловчи Алишер Узоқов.

 «Зирапча», «Мен ва сен» реалити шоулари, «Қадам» ва «Мени асра» каби сериаллари билан томошабинларга яхши таниш бўлган режиссёр Бахтиёр Сафаров «Ким экан?» лойиҳасининг ҳам асосочиси ҳисобланади. Хўш, у охирги уч ой ичида юртимиз телеканаллари орасида энг юқори рейтингни эгаллаган кўрсатувининг тўхтатилишига қандай муносабат билдиради?

Фото: Instagram/ @baxtiyor_safarov

— Шу кунгача суратга олган кўрсатувларимнинг барини маълум танаффуслар билан эфирга берганман. Томошабин «тўйиб қолса» ундан камчилик излашни ёки эътибор бермасликни бошлайди. Шу боис аввалдан «Ким экан?» лойиҳасини ҳам узоқ вақт давом этишини режалаштирмаганман. Алишер ака сафарга кетадиган бўлди ва иштирокчилар билан боғлиқ муаммоларга учрай бошладик.

Тан олиш керак, кейинги пайтларда ўзбек санъатида жон бериб ижод қилаётган ижодкорлар узоғи билан 20 тани ташкил этади. Деярли ҳит бўладиган қўшиқлар ҳам жуда кам. Шу боис камида 20 йил аввал ижод қилган, қўшиқлари ва хатти-ҳаракатлари билан томошабинларга яхши таниш бўлган ижодкорларнинг ҳаммаси ҳам бундай лойиҳаларда иштирок этишни исташмайди. Чунки уларнинг кўпчилиги қуда-андали, оила боши бўлгани учун ёшларбоп лойиҳалар бачканадек туюлиши мумкин. Шу кунгача 15 та кўрсатув суратга олган бўлсак, уларда жами 90 та санъаткор ниқоб остида чиқиш қилишди. Охирги кўрсатувларда «Қайси санъаткорни таклиф этмадик?» деб ўйланиб қолдик. Ёш ижодкорлар кўп, аммо ҳакамлар ҳайъати 4-5 йил ижод қилган хонандаларни ҳам танишмади.

Актёр Алишер Узоқов кўрсатувга бошқа бошловчи таклиф этилса, қарши бўлмаслигини айтди. Режиссёр Узоқовнинг ўрнига ким билан ҳамкорлик қилиши мумкин?

— Буни ҳаёлимга ҳам келтирмайман. Чунки бошловчининг ўзгариши кўрсатув рейтингига ҳеч қачон ижобий таъсир этмайди. Ҳар битта кўрсатувнинг ўз юзи бўлиши керак. «Зирапча» кўрсатуви суратга олинаётганда Райҳон Уласенова Туркияга ижодий сафар билан кетадиган бўлди. Шунда вақтинчалик бошловчини ўзгартиришни ҳам таклиф қилишди. Аммо мен Райҳон Уласенова Ўзбекистонга қайтишини кутдим. «Ким экан?» кўрсатувини Алишер Узоқов қайтгачгина суратга оламиз, агар режалар ўзгарса, кўрсатувга қайта мурожаат этмайман. Яъни у бу шаклда суратга олинмайди.

Бошқа хусусий телеканалларда ҳам «Ким экан?» шаклидаги кўрсатувлар «(Ўғирланган ниқоб» ва «Парда ортида») намойиш этиляпти. Бу шунчаки тасодифми ёки ижодкорлар бир-биридан илҳомланишганми?

— Аслида бу оригинал ғоя эмас.  Ниқоб билан боғлиқ кўрсатувлар хорижнинг 40 дан зиёд давлатларида намойиш этилган. Бу лойиҳани телеканалларимизда эфирга беришни январь ойида ният қилгандим. Саҳна декорацияларига буюртма бергач, бошқа телекалда ҳам шунга ўхшаш лойиҳа ҳақида эълон берилаётганини эшитдик. Афсуски, у пайтда бизнинг канал ҳам, улар ҳам ортга қайтолмасди. Шу боис шаклан бир-бирига ўхшаш лойиҳа деярли бир вақтда эфирга кетди. Аммо ҳаммасининг ўзига яраша кузатувчиси бор, — дейди режиссёр Бахтиёр Сафаров.

Ўхшаш янгиликлар