• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +8°C
Detail image

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 2022 йилнинг май ойи охирида беш кунлик концерт дастурини мухлисларига ҳавола қилмоқда. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов «Халқлар дўстлиги» саройида бўлаётган концерт репетиция жараёнидан репортаж тайёрлади.

Жорий йилнинг 10—25 март кунлари «Муҳаббат» номли қўшиқлар гулдастасини тақдим этган ўзбек примадоннаси жорий йил ҳисобидан иккинчи концертини мухлисларига намойиш қилмоқда.

«Носталгй» деб номланган концерт Юлдуз Усмонованинг 80—90ғйилларда ижро этган хит қўшиқларидан иборат бўлади. «Дунё», «Настарин», «Болалигим», «Муҳаббатжон» сингари ўнлаб қўшиқларш шулар жумласидан.

Юлдуз Усмонова концертга тайёргарлик пайтида ғалати ҳис-туйғуларни кечираётганини таъкидлади.

«Бу концертимга ҳам жиддий тайёргарлик кўряпман. Бунга сизлар ҳам гувоҳ бўляпсизлар. Жамоамиз катта, бир қанча жанрларни уйғунлаштириб, мухлисларга унутилмас мусиқий кечани ҳавола қиламиз.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

80—90 йилларда айтган қўшиқларимни ўша даврларда тинглаган ёши кексалар деярли йўқ ҳозир. Ортга назар солиб, одам қўрқиб кетаркан. Шунча яшадикми, деган савол ўтяпти. Бу қўшиқлар менинг фарзандларим, улар худди катта-катта бўлиб, ажралиб кетганга ўхшайди. Ҳозир нафақат ҳаяжон бор, балки ғалати ҳис-туйғуларни ҳам ҳис қиляпман, ширин қайғуни кечиряпман. Бу қўшиқларнинг ҳар бирининг ўз даврига руҳан тушиб чиқиш осон эмас», — дейди ўзбек примадоннаси.

Ўзбекистон давлат филармонияси «Республикада хизмат кўрсатган хор жамоаси» бадиий раҳбари Гулнора Маликованинг айтишича, Юлдуз Усмонова ва ушбу жамоа биринчи марта ҳамкорликда ишламоқда.

«Мазкур дастурнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, асарларни бадиий жиҳатдан бойитиб бериш мақсадида хор жамоаси ҳам қўшилди. Ўйлайманки, бу жамоа янграйдиган қўшиқларни янада гўзал ижро этилишида муҳим рол ўйнайди.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Концертга тайёргарлик кўриш жараёнида ортга қайтяпмиз, ҳаммаси худди кинолардагидек. Қайси асарни ижро этмайлик, болалигимизга қайтяпмиз. Бу қўшиқлар йиллар ўтса ҳам ўз қийматини йўқотмай яшаб келяпти. Бугунги авлод тарбиясида ҳам бу қўшиқларнинг ўрни катта», — дейди Гулнора Маликова.

Концерт муҳаррири Лола Собирова дастурда айтиладиган қўшиқларни саралаш қийин кечганини айтди.

«2018 йилдаги ‘Сен ва мен’, 2022 йил мартидаги ‘Муҳаббат’ номли концертларида ҳам муҳаррир вазифасини бажарганман. Бу галги дастурда ҳам ушбу вазифа менга юклатилди.

Юлдуз Усмонова билан ишлаш оғир, осон эмас, талаблари кучли. Мана, ҳозир ўзингиз кўрдингиз, қўшиқ матнидаги битта хато учун уришиб берди. Уларнинг дакки беришидан ўзимизга тўғри хулоса чиқариб борамиз. Балки танқидлари сабаб ўсаётгандирмиз.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Бир тарафдан ўзбек эстрадаси қироличаси билан ишлаб, чарчоқларни унутамиз, завқланамиз ҳам. Улардаги ғайрат, жўшқинликни кўриб, биз ҳам ғайрат билан ишлашга интиламиз.

Бу концерт учун қўшиқ танлашда жуда қийналдик. Чунки Юлдуз опанинг рэпертуаридаги барча қўшиқлар ўз тингловчисига эга. Ўйлаймизки, 80—90 йиллардаги хит қўшиқларидан иборат дастур меҳмонларга, албатта, манзур бўлади», — дейди Лола Собирова.

Юлдуз Усмонова концертга тайёргарлик жараёнида иштирок этаётган ҳар бир одамни тушлик ва кечки овқатлар билан сийламоқда. Суратга олиш вақтида 20 килоли ош бутун жамоага тарқатилганига гувоҳ бўлдик.

Репортажни «Дарё»нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ҳам томоша қилишингиз мумкин.

Ўхшаш янгиликлар