• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +7°C
Detail image

ЖССТ маълумотларига кўра, бугун дунё бўйича 1,7 миллиард киши таянч-ҳаракат тизими касалликларидан азият чекмоқда. Энг ёмони, бундай хасталиклар ногиронликни келтириб чиқарувчи омиллар орасида етакчи ўринни эгаллайди. 

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов мамлакатда беморларни юқори технологик операциялар ёрдамида даволаш борасида жорий қилинаётган янги муолажа усуллари ҳақида сўзлаб берди

"Марказимизда шу йил бошидан буён 3 минг 800 га яқин операция ўтказилди", — дейди мутахассис. 

Таъкидланишича, шундан 1241 таси йирик бўғимларни эндопротезлаш, 673 таси эса артроскопия амалиётидир.  

Маълум қилинишича, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш натижасида янги жарроҳлик муолажалари ҳам йўлга қўйилмоқда. Масалан, яқин-яқингача юртимизда елка бўғимлари касалликларини фақат консерватив йўл билан даволаш имкониятига эга эдик. Юқори технологик муолажалар талаб этилган ҳолатларда эса беморлар хорижда, асосан Ҳиндистонда операция қилинган.

"Энди эса бундай ноёб жарроҳлик амалиётлари ўзимизда ўтказиляпти. Марказимизда елка бўғимлари касалликлари ва жароҳатлари бўйича 25 ўринли артроскопия бўлими фаолиятини йўлга қўйдик. Бу ерда қисқа муддатда 255 та юқори технологик операция бажарилди. Шунингдек, Ҳиндистон артроскопия жамияти президенти доктор Индерприт Сингх Оберой, қолаверса, Москва шаҳрида жойлашган Швейцария университети клиникаси ҳамда Новосибирск давлат тиббиёт университети шифокорлари иштирокида 17 нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Ваҳоланки, Ҳиндистонда бундай эндоскопик операциялар учун 8-10 минг АҚШ доллари атрофида маблағ талаб этилади. Марказимизда эса кўпи билан 10 миллион сўм пул сарфлаб беморлар елка-бўғим хасталикларидан тез ва осон халос бўляпти. Қолаверса, елка-бўғим касалликлари 50 ёшдан ошган аёллар ўртасида ҳам кўп учрайди. Қўлни юқорига кўтаролмай қолиш ёки бутунлай ҳаракатлантира олмаслик, кучли оғриқ билан кечадиган бундай касалликларни  субакромиал декомпрессия операцияси ёрдамида муолажа қилиш усулини ўзлаштирдик.  

Чуқур наркозсиз, каминвазив усулда, УТТ аппарати назорати билан бўйин ва елка чигалини маҳаллий блокада қилиш орқали, ўтказувчи оғриқсизлантириш остида бажариладиган бундай амалиёт натижасида касалланган елка бўғими чандиқлардан тозаланиб, декомпрессия қилинади, Беморлар эртаси куниёқ шикоятлари камайиб, узоқ йиллик дардидан қисқа вақт ичида бутунлай фориғ бўлмоқда.

Бундан ташқари, қўл-оёқ хирургияси бўлими капитал таъмирланиб, шу ернинг ўзида операция хонаси ташкил қилинди. Натижада ҳар куни куйиш, турли касалликлар, травмалар асоратида нерв, қон-томир, пайларнинг узилиши туфайли қўл-оёқ панжалари ишламай қолиши ҳамда туғма ва орттирилган қўл-оёқ нуқсонлари бор беморларнинг 7-8 нафарида  микроскоп ёрдамида  ўта нозик операциялар бажарилиб, улар дардидан халос қилиняпти",-дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори.

Ўхшаш янгиликлар