• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

“103” хизмати фаолиятини такомиллаштириш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш борасидаги ижобий ўзгаришлар юртимизда аҳолига халқаро андозаларга мос тарзда тез тиббий ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда.

 Биргина мисол. Бугунги кунда “Тез ёрдам”да битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 16 баробардан зиёдга ортиб, ўртача 8000 сўмни ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, бу маблағ 2016 йил ўртача 500 сўм эди.

Шунингдек, бундан 7 йил аввал юртимизда атиги 818 та “Тез ёрдам” шохобчаси фаолият юритган бўлса, айни пайтда улар сони 1455 тага етди. Қолаверса, бугунга келиб, “103” бригадалари жами 2755 тани ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, бу рақам ҳам 2016 йилда 1648 та эди.

Яна бир гап. Бундан 6-7 йил аввал юртимиз тез тиббий ёрдам тизимида 1868 та автомашина бор эди. Бугун эса 2865 та автомобиль аҳолига сифатли хизмат кўрсатяпти. Шунингдек, махсус автомашиналар парки 60-70 фоизга янгиланди. Фойдаланилаётганига 8 йилдан ошган автотранспорт воситаларини замонавийларига алмаштириш ишлари эса босқичма-босқич давом эттириляпти.

Қолаверса, 7 йилда “Тез ёрдам”да реанимобиллар сони 24 тадан 500 тага кўпайди. Жумладан, жорий йил Республика тез тиббий ёрдам маркази “Jizzakh Auto” томонидан ишлаб чиқарилган 337 та “Volkswagen Caddy” машиналари билан билан бойиди.

Бундан ташқари, охирги йилларда "103" бригадалари дислокацияси қайта кўриб чиқилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Натижада ўтган 6 йил давомида хизмат кўрсатиш радиуси ўртача 13-15 километрдан 5-6 километрга қисқарди.

 “103” рақами марказлаштирилиши ҳамда мувофиқлаштирувчи диспетчерлик хизмати — “Call марказ”лар ташкил этилиши орқали эса “Тез ёрдам”нинг кечикиши 40 фоиздан 20 фоизгача камайди.

Энг муҳими, соҳадаги ислоҳотлар 2023 йилда ҳам изчил давом эттирилади. Жумладан, тизимдаги эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилади.

Унга кўра:

Аҳолига янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида “Тез ёрдам” учун яна 1000 дона А тоифали замонавий автомашина харид қилиниши кўзда тутилган. Ушбу мақсадда Осиё тараққиёт банки лойиҳаси асосида кредит маблағлари ажратилган. Бу орқали тизимдаги “Damas” автомобиллари тўлиқ янгиланади.

Шунингдек, олис ва чекка ҳудудлар, тоғли ва чўл минтақаларида ушбу соҳани ривожлантириш, тизим ходимларининг хизмат кўрсатиш имкониятини ошириш мақсадида махсус йўлтанламас автомобиллар олиб келинади.

Яна бир янгилик. Жорий йил “103” хизматида ягона Call-марказ ташкил қилинади. Соҳада комплекс ахборот тизимларини жорий этиш мақсадида уларда ягона интеллектуал чақирув платформаси яратилади. Шу билан бирга, хизмат автотранспортлари учун GPS ёрдамида сунъий йўлдош мониторинги тизими йўлга қўйилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар