• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27°C
Detail image

Кинематография агентлиги ва “ Спутник Восток продакшн” киностудияси томонидан Ўзбекистон ва Россия киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган биринчи лойиҳа — “Қуёш лаззати”  ("Солнце на вкус") фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда киношунослар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда киноижодкорлар иштирок этишди. Фильмнинг катта премьераси 30 июнь — Ёшлари кунига бағишлаб ташкил этилади. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фильм Ўзбекистонга сафари чоғида ғаройиб саргузаштлар иштирокчисига айланган москвалик оддий  оила ҳақида ҳикоя қилади.

Фильмда ўзбек ва рус киноактёрлари Андрей Мерзликин, Александр Ильин, Муҳаммадисо Абдулхаиров ва бошқалар суратга тушган. Бош қаҳрамон москвалик болакай ролини "Пальма" фильми орқали танилган Леонид Басов ижро этган. Шунингдек,  Гули роли ёш ўзбек актрисаси Камилла Ёқубова учун дебют ижро бўлди.

Суратга олиш ишлари Москва, Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳри ва вилоятида олиб борилди. Фильмда Чимён, Чорвоқ, Қизилқум чўли, Ўзбекистоннинг тарихий обидалари – Регистон, Гўри-Амир, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Бухородаги Арк қўрғони, Минораи Калон каби жойларнинг гўзал манзаралари намойиш этилган.

— Ушбу фильм ҳамкорликда суратга олинган илк ко-продукция, Янги Ўзбекистон киносининг рамзий қалдирғочидир. 2019 йилнинг ноябрь ойида Москвада биз қўшма фильмлар яратиш бўйича бир қатор меморандумларни имзолаган эдик. “Қуёш лаззати” бўлажак кинолойиҳалар ичидаги биринчи фильмдир. Картина рус тилида суратга олинган, ҳозирда ўзбек тилига дубляж қилинмоқда. Ёшлар куни байрами доирасида биз катта премьера ташкил этмоқдамиз. Бу ҳам рамзий маънога эга, чунки “Қуёш лаззати” биринчи болалар ва ўсмирлар фильми бўлиб, премьераси ёзги таътил вақтида бўлиб ўтади, – дея таъкидлади фильм продюсери, Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

— Кинематография агентлиги билан ҳамкорлигимиз омадли кечди. Биз жуда ҳам хурсандмиз. Барча продюсерларга мана шундай ҳамкорлар учрашини тилайман. Ўзбекистонлик ҳамкасблар бизга сўзда ҳам, амалда ҳам, молиявий томондан ҳам катта ёрдам беришди. Бу ҳақиқий ҳамкорлик, тенг ижодкорлик асосида яратилган қўшма лойиҳа, —  деди "Қуёш лаззати" фильмининг продюсери Александр Кессел.

Ўхшаш янгиликлар