• 10809.74
  • 12317.70
  • 141.04
weather Тошкент: +7.6°C
Detail image

Хабарингиз бор, 2021 йилда футболимизда турлича даврлар юз берди. Миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионати саралашининг 1-босқичидаёқ омадсизликка дуч келди. Натижада, терма жамоада мураббийлар алмашинуви бўлди ҳамда хорижлик мутахассис таклиф этилди. Шунингдек, қийин палла бўлишига қарамай, ички чемпионат баҳслари давом этди. Халқаро майдонда тўп сурган “Насаф” финалга қадар етиб кела олди. Футболимиз фахри бўлган Одил Аҳмедов кутилмаганда фаолиятини якунлади. Ўзбек футболининг 2021 йил якунларига бағишланган UZ Football Awards-2021 тақдирлаш маросимида эса энг яхшилар тақдирланди.  Ўзбек спорти журналистикаси фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Республика тоифасидаги ҳакам, “Олтин қалам” Миллий мукофот соҳиби, таниқли шарҳловчи, 86 ёшни қаршилаш арафасида турган Ахбор Имомхўжаев эса UZ Football Awards-2021 сарҳисобига кўра, “Ўзбек футболи нуронийси” бўлди... "Даракчи" газетаси мухбири Ахбор Имомхўжаев билан бугунги футболимизга оид вазиятлар ҳақида суҳбатлашдик... 

— Ортда қолган 2021 йилги футбол мавсуми сизда қандай таассурот қолдирди?

— Миллий терма жамоа қаттиқ ранжитди. Биз Жаҳон Чемпионати саралашида илк маротаба сўнгги босқичга чиқа олмадик. Мустақиллик футболи тарихимиздаги энг шармандали натижа. Лекин ички мусобақалар жуда кескин кечди. Суперлигада 2, 3 ва 4-ўринлар эгаси, шунингдек, лиганинг кейинги йилдаги сўнгги иштирокчиси охирги турда ва ўтиш ўйинида аниқланди. Про-лига вакили Суперлига аъзосини мағлуб этиши, лигалар орасидаги тафовут анча яқинлашиб қолганини кўрсатди. Ўзбекистон Кубогининг финали эса ҳақиқий драма бўлди.

— Бугунги футболда бирор-бир ижобий ўзгаришлар сезиляптими назарингизда?

— Шуни яна айтиш мумкинки, энди ҳалол, шаффоф футбол сари дадил қадам ташланди. Келишилган ўйинларга деярли чек қўйилди. Нопок ҳакамлар футболдан четлатилди. Футболчилар йиллаб ўз ҳақларини ололмай юришларига барҳам берилди. Энг муҳими – пойдевор, яъни болалар ва ўсмирлар футболига катта эътибор қаратилди. 14, 16 ва 18 ёшли футболчилар ўртасидаги мамлакат биринчилиги юксак савияда ўтказилди. Суперлиганинг деярли барча учрашувлари жонли равишда ТВ орқали намойиш этилди. Ҳатто Про-лига баҳслари ҳам “Зангори экран”га олиб чиқилди. Бунақаси авваллари бўлмаган эди. Одил Аҳмедов ЎФА вице-президенти этиб сайланишини ҳам қўллаб-қувватлайман ва яқин йиллар ичида бу ўз самарасини беришига ишонаман! 

Мен Одил Аҳмедовни Ҳабиб Нурмогамедовга ўхшатдим. Иккаласи ҳам ўз соҳасида жангчи ва икковиям отасига боғланиб қолган эди. Отаси вафот этиши билан Ҳабиб жанг қилишни тўхтатганди. Одил ҳам “энди менинг биринчи мухлисим – отам йўқ” деганда ҳаммасини тушунгандек бўлдим.

— Терма жамоадаги омадсизлик туфайли Вадим Абрамов ишдан олинди. Унинг ўрнига Сречко Катанец таклиф этилди. Бу мураббий билан кўзланган мақсадга эриша оламизми?

— Ҳар ҳолда Абрамовдан кўра яхши натижа қайд этади (кулади). Бизга Осиё футболини яхши биладиган европалик мутахассис керак эди. Назаримда, Катанец ана шу талабга жавоб беради. У Ироқ термаси билан яхши ишлади. Ўзбекистонда ҳам бутун билим ва иқтидорини намойиш этади, деб умид қиламиз...

Миллий терма жамоа бошқарувига Вадим Абрамов қўйилиши нотўғри бўлди. Шахсий фикримча, Эктор Куперга охиригача имкон берилиши лозим эди. Бўлар иш бўлди. Буни ортиқ муҳокама қилишдан фойда йўқ. Мени қувонтирган жиҳат шуки,  олимпия терма жамоамизнинг Париж-2024 Олимпиадаси учун ҳозирдан тайёргарлик бошланди. Тимур Кападзе бошчилигидаги “Олимпик” лойиҳаси ўз самарасини беришига ишонч бор.

— Бугунги кунда ўзбек футболида сиз каби ёрқин журналист, шарҳловчи кўзга ташланмаяпти. Бунга нима сабаб бўлмоқда?

— Кадрлар масаласи. Имкониятлар кенг, лекин кадрлар кам. Мен ўзим билган битта аччиқ ҳақиқатни айтаман, менимча, саволингизга шу жавоб бўлса керак. Неварам Диёр талабалик пайтидаёқ анча кўзга кўриниб қолган эди. Мен унинг келажагига ишониб, “Наврўз” радио­сида эфирга узатиладиган “Футбол чорраҳаларида” муаллифлик эшиттиришимни эфирда фотиҳа бериб топширганман ва у ишончимни оқлаган. Газеталарда ҳам муқим чиқиш қиларди. ЎДЖТУнинг халқаро журналистика факультети бакалавр босқичини якунланаётганида диплом ишини “Спорт журналистикасида муаммолар ва унинг ечимлари” мавзусида аъло даражада ҳимоя қилди. Диплом ҳимоясига ўзим борганман ва тақризчилар саволларига бурро жавоб қайтаргани билан фахрланганман. Худди шу йили ана шу университет негизида “Спорт журналистикаси” магистрлиги учун 4 та ўрин берилди. Талабалик пайтидаёқ шу соҳанинг илғор вакилига айланган Диёр магистратурага кира олмади, бу соҳадан анча узоқда бўлган курсдошлари эса кирди. Диёр қайтиб бу даргоҳга қадамини босгани йўқ, лекин амалиётда ўз соҳасининг етакчисига айланди. “Спорт” телеканалидаги “Футбол шарҳи” ва “Соккер-клуб” кўрсатувларини мухлислар ҳар ҳафта интиқиб кутишганидан хабарим бор. Ўз соҳасини чуқур билгани учун ҳозир мамлакат футбол ташкилотига раҳбарлик қилмоқда. Хўш, ҳар йили “Спорт журналистикаси”ни битираётган бакалавр ва магистрантлар қани? Кимлар битираяпти ва улар қаерда ишлаяпти, деган савол ўйлантиради одамни. Бу соҳага тасодифан кириб қолганлар кўп...

— Айтинг-чи, бугунги кунда юртимиздаги энг кучли мураббий ким?

— Ўтган мавсум натижасига қаралса, албатта, Рўзиқул Бердиев.

— Мазмунли суҳбат учун раúмат. Яқинлашиб келаётган таваллуд айёмингиз билан табриклаймиз. 

Ўхшаш янгиликлар