• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +23°C
Detail image

Бугун, 24 июнь куни “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида жойлашган “Шон-шараф” музейи мажлислар залида “Ватанпарвар” газетасининг 30 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар ижодий уюшмалари вакиллари, ҳарбий матбуот фахрийлари, ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Тантанали тадбир аввалида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев мудофаа вазирининг ҳарбий матбуот ва оммавий ахборотвоситалари ходимларига табриги ўқиб эшиттирди. 

Маълумот учун: Ўзбекистонда ҳарбий матбуот, ҳарбий журналистиканинг шаклланиши 1992 йил “Ватанпарвар” газетасининг чоп этилиши, 1994 йилдан эса “Ўзбекистон” телевидениесида “Ватанимга хизмат қиламан!” номли кўрсатувнинг эфирга узатилиши билан бошланган. 2019 йил 8 апрелда эса Қуролли Кучлар Медиа маркази ва “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти штат бирликлари негизида Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, барча ҳарбий округларда матбуот хизматлари ташкил этилган. Бугунги кунда Департамент жамоаси томонидан вазирликнинг расмий “mudofaa.uz” сайти, “Ватанпарвар” газетаси, “Ватанпарвар” газетасининг “mv-vatanparvar.uz” сайти, “Ўзбекистон армияси” журнали, шунингдек “Ватанпарвар”, “Армия спорти”, “Ўзбекистон армияси” кўрсатувлари орқали мамлакатимизнинг мудофаа сиёсати йўналишида маълумотлар бериб келмоқда.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти шахсий таркиби, шу жумладан, “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти ижодий жамоасининг мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтириш, қўшинлар фаолиятини, ҳарбий соҳада кечаётган ислоҳот ва ўзгаришларни кенг тарғиб қилиш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида фидойиларча хизмат қилиб келаётгани эътироф этилди. 

Тантанали тадбирда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ҳамда “Ватанпарвар” газетасининг 30 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ соҳа вакиллари Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғи билан “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Хусусан, "darakchi.uz" бош муҳаррири Фарида Эгамбердиева Мудофаа вазири буйруғига асосан "Намунали хизматлари учун" кўкрак нишони билан тақдирланди. 

Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари раҳбарлари томонидан “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти ижодий жамоасига кўкрак нишонлари,эсдалик ва қимматбаҳо совғалар топширилди. 

Тантанали тадбирга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов ҳамда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар билан байрамона кайфиятда якун ясалди. 

Ўхшаш янгиликлар