• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Жорий йилнинг 26 май куни Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков вазирлик тасарруфидаги Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида ўтказилган Италия ва Озарбайжондаги халқаро танловлар ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Маросимда сўз олган вазир О.Назарбеков мамлакатимизда болаларни мусиқа ва санъатга жалб қилиш, иқтидорларини юзага чиқариш учун барча шароитларни яратиб бериш борасидаги сай-ҳаракатлар бугун салмоқли натижалар бераётганини алоҳида таъкидкаб ўтди.

“Тўғриси, бу муваффақиятлардан жуда қувондим. Озарбайжондаги муғом фестивали ғолибларини кутиб олишга аэропортга ўзим чиқдимки, ғолиб фарзандларимиз улар давлатимизнинг диққат-эътиборида эканини сезишсин, ҳис қилишсин. Дунёнинг энг зўр мақомчилари орасида бир эмас, бирданига 3 та ўринни эгаллаш ҳаммага ҳам насиб этмайдиган бахт! Бу ўзбек санъатининг бугун қанчалар даражада юксалиб бораётганининг халқаро миқёсдаги эътирофидир. Бошқачароқ айтганда, миллий мусиқамиз, хусусан мақомчилик санъатини ривожлантириш учун юртимизда яратиб берилган кенг шароитларнинг мевасидир. Италиядаги муваффақият эса жаҳонда ҳам ўз ўрни, ўз овозига эга мамлакат эканимизни яна бир бор исботлади. Бу болалар келажакда ўзбекистонлик санъаткорлар нималарга қодир эканини исботлаб, жаҳон маданияти ва санъатига муносиб ҳисса қўшадиган ижодкорлар бўлиб етишишига ишонамиз”, деди Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков.

Маълумот ўрнида: Жорий йилнинг 16-21 май кунлари Италиянинг Барлетта шаҳрида бўлиб ўтган “Città di Barletta” номли 33-Халқаро ёш ижрочилар танловида Италия, Германия, Болгария, Хитой, Канада, Россия, Бирлашган Араб Амирлиги, Украина, Таиланд, Корея, Марокаш, Сербия, Исроил, Словения, Польша, Ирландия, Арманистон каби давлатлар қатори Ўзбекистон Республикасидан Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабидан 4 нафар ўқувчиси муносиб қатнашди.

Мазкур мактабнинг 2-синф ўқувчиси СевинчАзимова 1-ўринни, 10-синф ўқувчиси Мухлиса Собитжонова 1-ўринни қўлга киритди ва Д.Амануллаеванинг “Амир Темур тушлари”асарининг ижроси учун Махсус мукофот билан тақдирланди ҳамда танловнинг ёпилиш маросига бағишланган гала-концертда иштирок этди.

11-синф ўқувчиси Алиса Саляхова эса 2-ўринни эгаллади. 8-синф ўқувчиси Саидшоҳ Ғуломов Гран-При билан тақдирланди ҳамда танловнинг ёпилиш маросига бағишланган гала-концертда иштирок этди.

Шунингдек, жорий йилнинг 16-23 май кунлари Боку шаҳрида ўтказилган XIII Халқаро муғом фестивалида ҳам вакилларимиз муносиб қатнашиб,совриндорлар қаторидан ўрин олди.

Фестивалда вазирлик тасарруфидаги Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчиси Умаржон Акмалов 1-ўринни, икки нафар Наманган вилоятининг 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Мадина Каримжонова ҳамда Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчиси Сардор Нарзуллаевлар 2-ўринни, шунингдек, бир нафар Абдурауф Фитрат номидаги Бухоро мақом санъатига ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиси Оғабек Ахтамов фахрли 3-ўринни эгаллади.

“Энг ёш муғом ижрочиси” сифатида Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчиси Умаржон Акмалов эътироф этилди.

Ўхшаш янгиликлар