• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси нима сабабдан ўзбекистонликлар кичик ҳаж учун 4 770 000 сўм қўшимча тўлаши лозимлигини тушунтириб берди. Илгарироқ ижтимоий тармоқларнинг кўплаб фойдаланувчилари бундан тўловнинг асоссиз эканлиги юзасидан норозилик билдирган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамизки, зиёратчиларнинг дастлабки гурухи 22, 25 ва 28 январь кунлари Саудия Арабистонига йўл олади. Дастлаб, кичик ҳажга борадиганлар рўйхатига пандемия пайтида уни амалга ошира олмаган ва 2020 йилнинг февраль ойи охиригача сафар учун пул тўлаган ўзбекистонликлар киритилган. Икки йил олдин улар 13 миллион сўм тўлашган бўлса, энди яна 4.770.000 сўм тўлашлари шарт.

Мусулмонлар идораси бу ҳолатни қуйидагича изоҳлаган.

Биринчидан, коронавирус пандемияси умра хизматлари кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатган. Карантин талабларига кўра, меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилган. Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки,   озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қадоқланган ҳолда тарқатилади, тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокорлар ва махсус дори-дармонлар билан таъминланади.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда икки йил аввалги ҳолатга нисбатан нарх-наво кўтарилган.

Иккинчидан, табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, фақат тоату ибодатга сарфлаши учун Саудия Арабистонида меҳмонхоналар банд қилинган. Масжиди Набавийга яқин бўлган 5 юлдузли “Пулман зам-зам” ва Байтуллоҳ атрофидаги “Жабал Умар” ҳудудида жойлашган 5 юлдузли меҳмонхона олинган. Қиёс учун, олдинги йилларда зиёратчиларимиз Макка шаҳрида Ҳарам масжидидан чамаси 1,2 км. бўлган меҳмонхонада истиқомат қилишган.

Булар зиёратчиларга беш маҳал намозни адо этишга енгиллик беради, йўл, таомланиш ва бошқалар учун кетадиган вақтни тежайди. Шунингдек, меҳмонхоналарда тиббиёт ва ишчи гуруҳлари хизмат кўрсатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, мунтазам равишда ўзбекистонликларнинг талаб-истакларини инобатга олган ҳолда умра сафари нархларини мақбуллаштириш давом эттирилади.

Ўхшаш янгиликлар