• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +14°C
Detail image

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Россия Федерацияси Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин Ўзбекистонга ташриф буюржи. У Ўзбекистон парламентининг қуйи ва юқори палаталари раҳбарлари билан кенг кўламли масалалар, жумладан, санкциялар шароитида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, АҚШ билан муносабатлар, шунингдек, анъанавий маданий қадриятларни сақлаб қолиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.

Янги механизмлар

Давлат Думаси раисининг айтишича, парламентлар алоқаси- икки томонлама муносабатларнинг муҳим шакли бўлиб, унинг ривожланиши бир-бировни яхшироқ тушунишга имкон беради.

"Бу халқлар ўртасидаги муносабатлар саналади. Депутатлар ўз мамлакатлари фуқароларини ифодалайди", - дея таъкидлади Вячеслав Володин.

Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон парламентлари ўзаро ҳамкорликнинг янги форматларини ривожлантирмоқдалар. Хусусан, ташриф давомида парламентлараро ҳамкорлик комиссиясининг регламенти имзоланди. Россия ва Ўзбекистон парламентлари ўртасида олий даражадаги комиссия тузиш Вячеслав Володин ва Нуриддин Исмоилов 5 июль куни Москвада бўлиб ўтган учрашувда келишиб олишган эди.

"Бу биз учун янги ўзаро ҳамкорлик форматидир, унда мамлакатларимиз фуқароларини ташвишга соладиган масалалар билан шуғулланишни, давлатларимизнинг энергетика, саноат, фан, таълим, алоқа, коммуникация, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, илғор технологиялар, ечимлар, турли соҳаларда тажриба алмашиш каби манфаатлари соҳасида учун ишлашни режалаштирмоқдамиз. Ва, албатта, биз учун устувор йўналишлардан бири - бу миграция яъни, мамлакатларимиз ҳудудида бўлган фуқаролар, бу Ўзбекистон ёки Россия федерацияси вакиллари бўлсин, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Булар бизнинг кун тартибимизга аниқ кирадиган мавзулар ҳисобланади”, - дея маълум қилди Давлат Думаси раиси.

Вячеслав Володин ва Нуриддин Исмоилов Россия ва Ўзбекистон парламентларининг тегишли қўмиталарига келгуси йил бошида бўлиб ўтиши режалаштирилган комиссиянинг биринчи мажлисига тайёргарлик кўришни бошлашни буюрдилар.

Бундан ташқари, Давлат Думаси раиси ўзбекистонлик ҳамкасбларини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларининг юқори қонун чиқарувчи органларида тақдим этилган партиялар йўналиши бўйича конференцияда иштирок этишга таклиф қилди. Конференция 14 декабрь куни Москвада бўлиб ўтиши режалаштирилган.

"Турли мамлакатлар парламентларидаги фракциялар, партияларнинг тажрибаси туфайли   янги ёндашувлар ва ечимларни ишлаб чиқиш, шу орқали муҳокама қилишимиз мумкин бўлган кўплаб масалалар мавжуд”, - деди Вячеслав Володин.

Хорижий ҳамкорлар

Володиннинг фикрича, АҚШ ва унинг Европадаги стратегик шериклари ўртасидаги муносабатларнинг натижаси Вашингтон билан ҳамкорликнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолашда Ўзбекистон учун намуна бўлди.

"Бу ерда доно ва саводли одамлар яшайди – бу белгилар нимага олиб келиши мумкинлигини улар тушунишади”, -деди Давлат Думаси раиси АҚШ вакилларининг минтақага қилаётган сафарларини изоҳлаб.

Вячеслав Володиннинг таъкидлашича, АҚШ билан кўпроқ стратегик жиҳатдан муносабатлар Европага иқтисодиётда муаммоларни келтириб чиқарди.

"Америкаликлар ўзлари учун энергия манбаларини битта нархда олишади ва Европа учун тўрт баравар қимматга етказиб беришади. Шу билан бирга, улар Европани Россия Федерациясига қарши санкциялар урушларига жалб қилишди, арзон энергиядан фойдаланишга имкон берадиган дастурларимиз қисқартирилди, бу эса Германия, Франция ва бошқа давлатлар саноаитни ривожлантириш учун асос ҳисобланарди”, - деди у.

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи давлат раҳбарлари "ниҳоят, европаликларнинг фаровонлиги учун Россия энергия манбалари асос бўлганини тан олишди, аммо айнан АҚШ ушбу манбалар Европага киришни тўхтатиши учун ташаббускор бўлган ва бу давлат ўзининг қимматбаҳо манбалари билан алмаштирила бошлади”.

"Натижани кўриб турибмиз. Буларнинг барчаси Осиё мамлакатларида яшовчилар, айниқса биз билан муносабатларни ҳар доим ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ички ишларга аралашмаслик тамойиллари асосида қурганлар томонидан англанилмоқда”, - деди Давлат думаси раиси.

Шунингдек, Вячеслав Володиннинг   Ўзбекистонга ташрифи чоғида "турли хил масалалар: жумладан, умумий тарих, анъанавий қадриятларимиз, маданият масалалари” каби мавзулар муҳокама қилинган.

“Бизнинг умумий томонларимиз ниҳоятда кўп. Биз учун дейлик, муносабатлар соҳасини мажбуран сингдириш, шу орқали оилаларни пароканда қилиш, янги қадриятларни мажбуран жорий қилиш мутлақо тўғри келмайди. Шу боис, беозор мусича қиёфасида келиб, ўзининг бўридек ниятларини намоён қиладиган америкаликларнинг асл мақсади   ҳаммага аён”, - деди Вячеслав Володин.

Иқтисодиётга урғу бериш

Володиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бугунги кунда Россиянинг етакчи иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради. Икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ўсишни давом этмоқда: 2021 йил якунларига кўра ўсиш 17,3 фоизни ташкил этиб, 6,9 миллиард долларга етган. Шунингдек, Вячеслав Володин 2022 йилнинг саккиз ойи якунлари бўйича айланма 5,3 миллиард долларни, Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган умумий сармояси эса 10 миллиард доллардан ошганини таъкидлади.

Бундан ташқари, Давлат Думаси раисининг сўзларига кўра, Россия республикада фаолият юритаётган қўшма корхоналар сони бўйича етакчиликни сақлаб қолмоқда: турли соҳаларда уларнинг сони 2300 дан ортиқни ташкил қилади.

Вячеслав Володин туризмни ривожлантириш ҳақида гапирар экан, 2022 йил бошидан буён Ўзбекистонга 317 мингга яқин россиялик сайёҳ ташриф буюрганини таъкидлади. Бу ўтган йилга нисбатан бир ярим баравар кўпроқ.

"Сайёҳлик оқимининг янада ўсиши миллий тўлов воситаларидан фойдаланишга ёрдам беради, биз учун бу соҳада ўзаро манфаатли ечим топиш муҳим”, - деди у.

Умумий маданий код

Вячеслав Володин ўзбекистонлик ҳамкасбларига мамлакатлар ўртасида умумий тил маконини сақлашга кўмаклашгани учун миннатдорчилик билдирди.

"Ўзбекистонда рус тилига бўлган ҳурматни миллатлараро мулоқотнинг муҳим воситаси сифатида қадрлаймиз. Бу турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, маданий ва тарихий меросни сақлашга ёрдам беради, Ўзбекистон фуқаролари учун қўшимча имкониятлар яратади”, -дея қўшимча қилди у.

Нуриддин Исмоиловнинг айтишича, бугунги кунда рус тили республиканинг деярли ҳар бир мактабида ўрганилмоқда, 91 та муассасада таълим фақат рус тилида олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Вячеслав Володиннинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россияда таҳсил олаётган талабалар сони бўйича МДҲ етакчиларидан бири бўлиб қолмоқда – бугунги кунда бу кўрсаткич 46 мингдан ошади. Ўзбекистонда Россия ОТМларининг 14 та филиали фаолият кўрсатмоқда.

Учрашувда тарихий хотирани муҳофаза қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

“Умумий тарих кўп нарсани англатади ва уни унутганлар келажакка ҳақли эмас. Ўзбекистонда тарихга қанчалик эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлинаётганига гувоҳ бўлдик”-, деди Вячеслав Володин.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Ўхшаш янгиликлар