• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +25°C
Detail image

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған биринчи марта Туркия Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишини Швеция қабул қилиниши билан боғламасдан маъқуллаши мумкинлигини айтди. Бу фикр сиёсатчи ва ёш сайловчилар ўртасидаги телевизион учрашув чоғида билдирилди.

"Агар керак бўлса, Финландия учун бошқача жавоб беришимиз мумкин. Финландия учун бошқача жавоб берганимизда Швеция ҳайратда қолади", деди Эрдўған.

У Швециядан "террорчилар"ни экстрадиция қилиш талабини такрорлади.

Гап Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (КИП) аъзолари ҳақида кетмоқда.

"Агар сиз ҳақиқатан ҳам НАТОга аъзо бўлишни истасангиз, бу террорчиларни бизга қайтарасиз", деди Эрдўған.

Швеция бош вазири Улф Кристерссон Туркиянинг Швеция НАТОга аъзо бўлишига рози бўлиш учун илгари сурган айрим шартлари Стокҳолм учун бажариб бўлмас даражада, деб маълум қилди.

"Туркия бир вақтнинг ўзида иккита нарсани тан олади – биз ваъда қилганимизни бажардик ва улар биз бера олмайдиган ёки бермоқчи бўлмаган нарсани талаб қилишяпти", дея Кристерссоннинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги. У қандай шартлар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади.

Швеция ва Финландия Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш тартибини Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб киришидан кейин бошладилар. Стокҳолм ва Ҳелсинки 18 май куни расмий ариза топширган. НАТОнинг барча 30 та давлати қарорни ратификация қилиши керак - шу кунгача 28 давлат буни амалга оширган. Туркия ва Венгрия ҳозиргача бу қадамдан ўзини тийиб турибди.

Ўхшаш янгиликлар