• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +27°C
Detail image

Яқинда Солиқ қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда Шерзод Кудбиев журналист қизга кескин жавоб қайтарди.

Журналист қиз унга савол берди ва бу унинг эмас, халқнинг фикри, халқнинг саволи эканлигини айтди. Бунга жавобан эса Кудбиев "Сиз халқнинг номидан гапиришга ҳақли эмассиз, халқнинг номидан президент ва депутат гапиришга ҳақли", тарзида жавоб қайтарди. Хўш, журналистлар, ОАВ ходимлари жамият ва давлат ўртасидаги воситачи, халқ фикрини ҳукуматга етказадиган кўприк бўлиши керак эмасми? Журналистлар чиндан ҳам халқнинг саволларига ҳукуматдан жавоб олишга ҳақли эмасми? Бу саволга Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрлари жавоб бўлади.

"Бизнинг энг катта муаммоимиз - ҳамма амалдорлар ҳам қуйига тушиб, халқнинг ичига киришни уддалай олмаяпти. Юриш керак, халқнинг дардини эшитиш керак. Шу масалада журналистларга ҳам илтимосим бор - сиз ҳамма жойда юрасиз. Менинг қадамим етмаган жойда ҳам сиз албатта бўласиз. Халқ билан кўпроқ суҳбатлашинг, уларнинг дардини эшитинг".
Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилнинг март ойида Тошкент вилояти Чиноз туманига ташрифи давомида журналистлар билан бўлган суҳбатидан.

"Энг асосийси, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим".

Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилда матбуот ва ОАВ ходимларига йўллаган табригидан.

Аслида, давлатимиз раҳбари ОАВ ходимлари билан бўлган ҳар бир учрашувда муаммоларни дадил олиб чиқиш, халқни қийнаётган муаммоларни ўртага кўтариш, халқ ва ҳукумат ўртасида воситачи бўлиш, халқнинг фикрини етказишни сўрайди. Бу ёқда эса Шерзод Кудбиев саволга жавоб бериш ўрнига журналистга "Сизнинг халқ номидан гапиришга ҳақингиз йўқ", дейиши мутлақо ярашмаган гап бўлди.

Истардикки, нафақат Кудбиев, балки умуман барча раҳбарлар ўз ишига масъулият билан ёндашиб, ОАВ билан муносабатни тўғри олиб борса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзимиз истаган натижага эриша борамиз.

Ўхшаш янгиликлар