• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +6°C
Detail image

Самарқандда «1 миллион дастурчи» IT танлови ғолиби бўлган мактаб ўқувчисига ишлатилган ноутбук берилгани тўғрисидаги воқеа ижтимоий тармоқларда кенг мунозараларга сабаб бўлди. Воқеа оқибатида туман ҳокими ўринбосарига ҳайфсан берилган, туман ХТБ мутахассиси ишдан олинганди.

Kun.uzнинг хабар беришича, вилоят Халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршид Ғозиев ҳам ишдан кетган. Вилоят ХТБ мудираси Зебунисо Шодиева томонидан бугун, 18 январ куни имзоланган буйруққа кўра, бошқарманинг педагогик-психологик ташхис фаолиятини ташкил этиш шўбаси мудири Хуршид Ғозиев ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган.

Гарчи Х.Ғозиев «ўз аризасига кўра» ишдан бўшатилган бўлса-да, унинг бўшатилишига 17 январ куни бир гуруҳ блогерлар ва журналистларга қарата айтган гаплари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Самарқандда ғолибга эски ноутбук берилиши ортидан яна бир мутасадди ишдан бўшатилди

«Биз бунақа йўналишни танламаслигимиз керак. Ҳар битта ота-онага, бошқа журналист ва блогерларга тавсиям: болага эртага ўзингни ҳаққингни талаб қил, мана бунақа ишларни амалга ошир эмас, яхши-яхши йўлларни ўргатсак, улар келажакда ўз ўрнини топиб кетади. Бунақанги йўл билан ҳаққини ажратиб олишни мен тўғри деб ўйламайман», деган Х.Ғозиев камера қаршисида.

Унинг бу гаплари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Аксарият одамлар унинг бу гапларига эътироз билдиришди ва унинг шаънига танқидлар ёғдиришди.

Маълумот учун, Сардор Сатторовга эски ноутбук берилиши ортидан Нуробод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалолиддиновга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.

Бундан ташқари, Нуробод тумани ХТБ таълим жараёнига АКТни жорий этиш шўбаси бош мутахассиси Аслиддин Дангалов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Kun.uz манбасига кўра, мазкур воқеа сабабли Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари ва ХТБ мудири ҳам лавозимидан озод қилиниши кутилмоқда.

Ўхшаш янгиликлар