• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +20°C
Detail image

Термиз шаҳридаги “Матбуот уйи”да Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси, Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси вилоят ҳудудий бўлими, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида паралимпия мусобақасига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжуманида мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ногиронлиги бўлган юртдошларимизга кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди. Жисмоний имконияти чекланган инсонлар саломатлигини тиклаши, спорт билан шуғулланиши учун катта имкониятлар яратилаётгани юзасидан фикр алмашилди.

Тиббий ижтимоий эксперт комиссиялари хулосасига кўра, вилоятда 8 минг 298 нафар ногиронлиги бўлган шахсга параспорт билан шуғулланиш учун йўлланма берилиб, улардан 326 нафари параспортга жалб этилган.

— Айни пайтда вилоятда паралимпия йўналиши бўйича 12 та спорт тури шакллантирилиб, 716 нафар жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёш спортчи ўзлари қизиққан параспорт турлари билан шуғулланмоқда, — деди Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Абдуолим Усмонов. — Улар вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилаётган беллашувларда ҳам фаол иштирок этмоқда. 16 нафар параспортчи бешта параспорт туридан жаҳон мусобақаларида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритди. Эндиликда биз параспорт билан шуғулланиш истагида бўлган барча воҳадошларимизни спортга қамраб олиб, паралимпия йўналиши бўйича спорт турларини 15 тага етказмоқчимиз.

Анжуманда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиядаси” оммавий спорт мусобақаларига вилоятда кўрилаётган тайёргарлик ишлари ва унинг қуйи босқичларини ўтказиш тартиблари тўғрисида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Тадбир якунида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан Термиз давлат университети талабаси, II гуруҳ ногирони, дизайнер Зуҳра Ҳасанова ва журналист Аброрбек Қурбонмуродов ташаккурнома билан тақдирлади.

Ўхшаш янгиликлар