• 10529.73
  • 12808.36
  • 142.32
weather Тошкент: +24°C
Detail image

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовнинг ўлими ҳақида ёзди:

"Шафқатсиз ўлим Ўзбекистон санъати фидойиларидан яна бирини орамиздан олиб кетди. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов айни ижодий фаолиятининг гуллаган чоғида 58 ёшида бизни тарк этди. 

Ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида ўзининг фидокорона меҳнати, бетакрор роллари, саҳналаштирган спектакллари билан мухлислар меҳрини қозонган, театр санъати соҳасида ўзига хос ўрнига эга бўлган Мирза Азизовнинг бевақт ўлими яқинларини, театр жамоасини оғир қайғуга солди. 

Унинг санъат соҳасидаги илк қадамлари шу қутлуғ даргоҳда бошланган. Ўтган қисқа вақт ичида “Юсуф ва Зулайҳо”, “Фарҳод ва Ширин”,  “Нодирабегим”, “ Алпомишнинг қайтиши”, “Топталган туйғу”, “Медея”каби қизиқарли спектакллардаги роллари билан эътиборга тушди. 

Парижда намойиш этилган “Темур салтанатида шоир ва шоиралар”, “Ипак йўли” каби спектакллардаги юксак даражадаги ижроси олқишларга сазовор бўлган эди. У нафақат театрдаги актёрлик, режиссёрлик фаолияти, балки қатор кинофильмлардаги маҳоратли ижролари билан ҳам халқимиз қалбидан чуқур жой олди.  Мирза Азизов 2014 йилда “Йилнинг энг фаол киноактёри”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси”  сифатида ҳам  эътироф этилган.

2017 йилдан эътиборан театрнинг жонкуяр раҳбари, жамоа аъзоларининг яқин дўсти сифатида ҳурмат, эътибор қозонди. Афсус у бошлаган кўпгина хайрли ишлар энди шогирдлари томонидан давом эттирилади.

Ардоқли санъаткоримиз Мирза Азизовнинг вафоти муносабати билан унинг оиласи ва яқинларига, жамоасига чуқур таъзия изҳор этамиз. Унинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди".

Ўхшаш янгиликлар