• 11269.82
  • 12205.22
  • 159.78
weather Тошкент: +4°C
Detail image

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, ҳукумат электр энергияси нархини оширишга мажбур бўлаётганини маълум қилди.

Унга кўра, 2023 йил май ойидан бошлаб мамлакатда аҳоли учун электр энергияси нархи 30 фоизга ошиб, 1 кВт/соат учун 0,77 сомдан 1 сомга (тақрибан 100 сўмдан 130 сўмга) етади.

“Совет пайтида бизда ортиғи билан электроэнергия ишлаб чиқарилар ва биз уни қўшни давлатларга экспорт қилардик. Мустақиллик йилларида, афсуски, бирорта ҳам гидроэлектрстанция қурилмади.

Аҳолимиз сони бир ярим баробарга ошди. Қурилишлар миқдори бир неча баробарга кўпайди. Агар 1991 йилда электр энергияси истеъмоли 9 млрд бўлган бўлса, бугунги кунда бу 16 миллиардни ташкил этмоқда.

Юқори қувватдаги трансформаторлар ва юқори кучланишли линиялар ҳам янгиланмади. Электр ускуналарининг эскирганлик даражаси 80 фоиздан юқори. Бу иншоотлар иттифоқ пайтида қурилган ва ҳалигача ишлаяпти.

Шу билан бирга, энергетика соҳасининг қарзи 137 млрд сомни ташкил этмоқда. Қўпол қилиб айтганда, маҳаллий энергетика чалажон аҳволда”, – дея ёзди Жапаров Facebook'даги саҳифасида эълон қилган мурожаатида.

Қирғизистон президентига кўра, охирги 15 йилдан буён мамлакат қишки вақтда қўшниларидан 3 млрд кВт/соат электр энергиясини 3 сомдан импорт қилиб, аҳолига 0,77 тийиндан сотиб келган.

Жапаров ўтган йили тоғ-кон саноати учун мўлжалланган тариф қарийб 5 сом, давлат корхоналари учун эса 3 сом 40 тийин этиб белгилангани, лекин аҳоли учун тарифлар 0,77 тийин бўлиб ўзгармай қолганини таъкидлаган.

У қаттиқ совуқ сабаб мамлакатга энергияга бўлган талаб ошиб кетгани, айни кунларда рўй бераётган узилишлар йирик аварияларнинг олдини олиш учун кўрилаётган мажбурий чора экани, акс ҳолда бутун Марказий Осиё бирлашган энергия тизимида авария юзага келиб, 2022 йил 25 январда бўлгани каби блэкаут такрорланиши мумкинлигини билдирган.

“Оддий тилда айтганда, эски ва яроқсиз автомобилни капитал таъмирлагандек, давлат ҳам ускуналарнинг эскилигига қарамай, ўз профессионаллари ёрдамида қишга яхши тайёргралик кўрди.

Худо хоҳласа, биз қишдан яхши чиқиб оламиз. Алоҳида ноқулайликлар бўлган бўлса, аҳолидан узр сўрайман”, – деган Қирғизистон раҳбари.

У юқоридагилардан келиб чиқиб аҳоли учун электр энергияси тарифи май ойидан бошлаб 0,77 тийиндан 1 сўмгача оширилаётганини маълум қилган.

Қайд этиш лозим, қаттиқ совуқ кунларида Қирғизистон Тўхтагул ГЭСини ишлатишига тўғри келган.

Ўхшаш янгиликлар