• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

Исроил матбуотининг хабар беришича, мамлакат полковник Ходаининг ўлдирилишига Эроннинг эҳтимолий жавобига тайёрланмоқда.

Тахминларга кўра, жавоб зарбаси шимолий чегаралардан ёки Исроилнинг хориждаги объектларига берилиши мумкин.

Авалроқ Эрон расмийларидан бири Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси полковниги Сайёд Ходаининг ўлдирилиши мамлакатнинг сиёсий қарашларини тубдан ўзгартирганини айтган эди.

Сайёд Ходаининг ўлдирилиши

“Тасним” Эрон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, 22 май куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида Сайёд Ходаи Теҳронда, ўз уйи яқинида ўлдириб кетилган. У ўша вақтда ўз машинасида ўтиргани айтилади. Мотоциклда кетаётган икки нафар номаълум шахс уни овозсиз тўппонча билан отиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Қотиллар Ходаи томон бешта ўқ отган, улардан учтаси унинг бошига теккан ва у воқеа жойида ҳалок бўлган.

Эрон қотилликда кимни айблайди?

Эрон полковникка қилинган суиқасдни “инқилобга қарши бўлган кучлар томонидан содир этилган жиноий террорчилик ҳаракати” деб атади. Эронликлар одатда бу ибора билан АҚШ ва Исроилни назарда тутадилар.

Орадан бир кун ўтгач эса, Эроннинг IRNA ахборот агентлиги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан Исроил разведка тармоғи аъзолари ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

ИИҚК ҳибсга олинган агентлар "сионистик режим махфий хизматлари кўрсатмаси остида ҳаракат қилган" ва "давлат мулкини ўғирлаш ва йўқ қилишга уринишлар, шунингдек, иқрор бўлиш учун одамларни ўғирлаш" учун жавобгар бўлганини айтди.

Исроилнинг даъволари

Исроил оммавий ахборот воситалари полковникни сўнгги пайтларда Сурияга мамлакатни тарк этган Россия қўшинлари ўрнига Эрон кучларини жойлаштириш билан фаол шуғулланганини таъкидламоқда. Уларга кўра, бутун дунё бўйлаб исроилликларга қарши қатор терактлар режалаштириш ортида айнан Ходаи турибди. Бу ҳужумларнинг баъзилари сўнгги ойларда Исроил разведка идоралари томонидан бартараф этилган.

Исроилнинг даъволарида айтилишича, Ходаига тегишли терактлар орасида 2012 йилда Нью-Деҳлида портлатиб юборилган Исроил дипломатик миссияси автомобили ҳам бор. Бундан ташқари, Ходаи Грузиядаги Исроил ҳарбий атташеси машинаси остига бомба ўрнатилганига ҳам алоқадор эканлиги айтилади. Тбилисидаги ушбу муваффақиятсиз теракт МОССАД томонидан бартараф этилган.

Ўхшаш янгиликлар