• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

Кеча, 2 июнь куни Франция ғарбидаги Вандея департаменти суди 55 ёшли руҳоний Пера де Маярани 27 нафар вояга етмаган болага зўравонлик қилгани учун 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Tf1info” нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, омма учун ёпиқ бўлган ишда суд Маярани 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Суд унга ҳаёти давомида болалар билан алоқа қилиш ҳамда Вандея ва Денгизбўйи Шарантаси провинциялари ҳудудига қадам қўйишни тақиқлаган.

Руҳоний қамоқдан чиққанидан сўнг 10 йил давомида жамоатчилик ва суд назорати остида бўлади. Агар суд қарорини бажармаса, у яна 5 йил қамоқ жазосини ўташига тўғри келади.

Келтирилишича, де Маярага қарши иш 2020 йил октябрь ойида, биринчи икки шикоят полицияга тушганидан уч ой ўтиб очилган. Тергов давомида жабрланганлар сони ортиб борган. 2020 йилда прокуратура жами 19 нафар жабрланувчини топган. Кейинчалик руҳонийнинг ҳаракатларидан яна саккиз киши жабрлангани аниқланган.

Ушбу воқеалар содир бўлган даврда Пера де Маяра Вандеяда, Сен-Жермен-де-Пренсдаги Нотр-Дам-дю-Розер монастирида хизмат қилган. Зўрланганлар 12 ёшдан 15 ёшгача бўлган 16 ўғил ва 11 нафар қиздир.

Маълумотларга кўра, сўнгги 70 йил ичида 200 мингдан ортиқ бола француз католик руҳонийлари томонидан жинсий зўравонлик қурбони бўлган.

Жинсий жиноятлар бўйича мустақил тергов Франция католик черкови томонидан 2018 йилда бошқа мамлакатлар черковларидаги шов-шувли можаролар ортидан бошланган. 2500 саҳифалик ҳисобот муаллифлари черков ва полиция архивларини ўрганган, шунингдек гувоҳлар ва жабрланувчилар билан суҳбатлашган. Икки ярим йиллик иш давомида мутахассислар 1950 йилдан бери маълумотларни тўплаган ва 6500 дан ортиқ одам билан суҳбат қурган.

Ўхшаш янгиликлар