• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Бетакрор юртимиз ўзининг тарихий, маданий мерос объектлари, гўзал табиати ва иқлими билан ҳамиша сайёҳларни жалб этиб келади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, уни иқтисодиётнинг стратегик секторига айлантириш, ҳали тўла фойдаланилмаган сайёҳлик салоҳияти имкониятларидан кенг фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қатор йиғилишлар ўтказилаётгани, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилиниб, долзарб вазифалар белгилаб берилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.

Жумладан, шу йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида ички туризм хизматларини диверсификация қилиш ва ҳажмини кескин кўпайтириш, фуқароларни мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан таништириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган қатор вазифалар ўз аксини топган. Хусусан, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида кўплаб мақсад-вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур қарорга кўра, 2023 йилдан бошлаб эса январь ойининг биринчи декадаси ва март ойининг учинчи декадасида “Ёшлар туризми ҳафталиги” ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу саъй-ҳаракатлар ички туризмни ривожлантириш ҳамда ёшларнинг мазмунли саёҳатларини ташкил этиш, уларни юртимизнинг туристик манзиллари ва имкониятлари билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада белгиланган вазифаларга кўра, “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида 500 652 нафар ўқувчи, талаба ва ёшлар зиёратгоҳ ва қадамжолар, тарихий ва диққатга сазовор жойларга саёҳати ташкил этилди.

Ҳафталик доирасида иқтидорли ёшлар, республика, вилоят, туман ва шаҳар фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган ўқувчилар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг ўқувчи, талаба-ёшлари жалб қилинади.

Саёҳатлар ўқувчи-ёшларнинг “уйидан – саёҳатга – саёҳатдан – уйигача” тамойили асосида тўлиқ жараёнларни қамраб олган дастур ва режалар асосида амалга оширилди.

Саёҳатга юборилган ёшларга 18 816 нафар педагоглар, тиббиёт ва ички ишлар ходимлари ҳамроҳлик қилди.

Саёҳат давомида ёшлар 3 346 маротаба маданий мерос объектлари, 778 маротаба музейлар, 231 маротаба театр ва 287 маротаба кинотеатрларга ташрифлари бепул амалга оширилди.

Ёшлар учун юқори натижаларга эришган ва ёшларга ўрнак кўрсатадиган илм-фан намоёндалари иштирокида 668 та, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш бўйича 747 та “маҳорат дарс”лари ташкил этилди.

Ёшларнинг маданий мерос объектлари ва музейларга ташрифи давомида кўнгилочар мусиқий чиқишлар ташкил қилинди, ўқувчиларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантирадиган тарихимизни жонли кўрсатувчи 806 та театрлаштирилган томошалар намойиш этилди.

Ёшларнинг ҳаракатланиши ва ҳудудларга ташрифи жараёнида 4 159 нафар малакали гидлар иштирокида ҳудудларнинг тарихий обидалари, тарихий шахслари ҳамда кейинги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумотлар билан таништирилди.

Ташкилий қўмита томонидан ҳафталик ва унинг доирасида тадбирларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Республика штаби ва ишчи гуруҳлари фаолияти самарали йўлга қўйилди ҳамда ўқувчи-ёшларнинг саёҳат тадбирларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича барча чора-тадбирлар мувофиқлаштирилди, вазирлик ва идораларга юклатилган вазифаларнинг ижроси мувофиқлаштирилди, тадбирни ўтказиш билан боғлиқ бўлган бошқа ташкилий вазифалар ҳал қилинди, зиёратгоҳ ва қадамжоларни ўзаро боғлаган ички туризм саёҳат дастурлари ҳамда иштирокчилар учун республиканинг диққатга сазовор жойларига мавсумий имтиёзли саёҳат пакетлари ишлаб чиқилиб оммалаштирилди.

Ҳафталик ва унинг доирасида тадбирни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича туман ва шаҳарларда маҳаллий ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий штаблар фаолияти йўлга қўйилиб, кунлик ахборот республика штабига етказилди, штаблар томонидан ёшларнинг рўйхати ва гуруҳлар шакллантирилиб, жараён тўлиқ мувофиқлаштирилди, юзага келган муаммолар тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида вазирлик ва идораларда ҳамда ҳудудларда штабларнинг фаолияти йўлга қўйилди ҳамда куну-тун навбатчилик ташкил этилди.

Сайёҳат гуруҳларининг жойларда овқатлантириш чоралари ташкил этилди, бунда санитария эпидимиология маркази ва тиббиёт ходимлари томонидан кўрикдан ўтган тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Ҳафталик ва унинг доирасидаги тадбирлар билан боғлиқ барча объектларда ва уларнинг атроф-ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда иштирокчиларнинг ҳаракатланиш вақтида автотранспорт воситаларида, меҳмонхона, овқатланиш жойларида хавфсизликни таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳафталик ва унинг доирасидаги тадбирлар давомида поэзд ва автобусларда, меҳмонхоналарда, ташриф объектларида белгиланган санитария қоидалари ва гигиена нормалари ҳамда карантин талабларига мос бўлиши, зарур тиббий анжомлар ва дори воситалари захира қилиниши ҳамда тўлиқ таъминланган тез тиббий ёрдам машиналари ва бригадалари навбатчилиги ва ҳамроҳлиги ташкил этилди.

Ушбу ҳафталик юртимиз ёшларини бирлаштиришга ҳамда уларнинг юрт манзиллари, сайёҳлик масканлари ҳақида кенг тушунча ва бой таассуротларга эга бўлишларига хизмат қилади. Юртимиз гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, аждодларимиз мероси бўлмиш тарихий масканлар узра саёҳат қилиш ўғил-қизларимизнинг она Ватанга меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида улғайишида муҳим омилдир.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг ва юртимиз бетакрорлигидан, бой ўтмиши, тарихи ва бугунидан баҳраманд бўлинг!

Зарина АБДУЛЛАЕВА,
Маданият ва туризм вазирлиги Ички ва зиёрат туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи

Ўхшаш янгиликлар