
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи 29 ёшли П.А. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 600.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи 22 ёшли Н.Г. содир этганлиги аниқланган.
Унга кўра, Н.Г. бекатда турган П.А.нинг мобил қурилмасидан қўнғироқ қилиб олишни илтимос қилиб, П.А.га сездирмасдан “Click” иловасига кириб, ўзининг мобил қурилмасига "СМС" хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритиб, 600.000 сўм миқдордаги пулларни ўзига тегишли бўлган банк картасига ўтказиб олганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.Г.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "б" бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.