• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

— Болаларимнинг отаси билан ажрашганман. У уч-тўрт ойда бир фарзандларини кўришга келиб, ўзи билан олиб кетади-да, қайтариб бермайди. Шу кунгача бир неча марта суд орқали ижрочилар ёрдамида болаларимни қайтариб олдим. Бундан 10 кун олдин болалар боғчада бўлганида, уларни олиб кетиб, яна қайтариб бермаяпти. Ҳозир ички ишлар ва судга ариза берганман. Ҳадеб бундай бўлавермаслиги учун қонуний чора кўриш мумкинми?
Исми сир тутилди.

Ахрор СУЛАЙМОНОВ, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Аризангиз мазмунидан кўринишича, собиқ турмуш ўртоғингизнинг ўз фарзандлари билан учрашув вақтини белгилаш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган ва унга учрашув вақтлари белгиланган. Ушбу ҳолатда, у фарзандларингизни олиб кетиб, суд қарорида белгиланган вақтда қайтариб бериши лозим.
Давлат ижрочиси ижро ҳужжатининг ўзи белгилаган муддатда ихтиёрий равишда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Агар собиқ турмуш ўртоғингиз ижро ҳужжатининг талабларини давлат ижрочиси томонидан белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган тақдирда, давлат ижрочиси унга нисбатан маъмурий жазо қўллайди. Суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлаган тақдирда эса уни жиноий жавобгарлик тўғрисида ёзма шаклда огоҳлантиради. У шундан сўнг ҳам ижро ҳужжатини ижро этишдан бўйин товлаган тақдирда, давлат ижрочиси қонунда белгиланган тартибда уни жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
Шунингдек, амалдаги қонунчиликка асосан, давлат ижрочисининг ўз ваколатлари доирасидаги талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча органлар, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Давлат ижрочисининг талабларини бажармаслик, унинг зиммасига юкланган вазифаларни бажаришига монелик қилувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади (Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунинг 87-моддаси).

Ўхшаш янгиликлар