• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +10°C
Detail image

Ўзбекистон Республикаси муқаддас Рамазон ойи кунларида Кобул, Мозори-Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қатъий қоралайди, дея хабар беради мамлакат ТИВ.

«Тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлган зўравонлик ҳаракатлари Афғонистонда барқарор тинчлик ва миллий тотувлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади. Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради, шунингдек, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди», – дейилади хабарда.

BBC маълумотларига кўра, пайшанба куни Афғонистоннинг турли ҳудудларида содир этилган 4 та  портлаш натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

Биринчи портлаш мамлакат шимолидаги Мозори Шариф шаҳрида жойлашган шиалар масжидида содир бўлган. Оқибатда 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 90 га яқин киши жароҳатланган. Портлаш учун масъулиятни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олган.

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган Толибон ИШИДни мағлуб этганини даъво қилишига қарамай, бу гуруҳ ҳамон мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда. ИШИД жиҳодчилари портлашни масжид биносида номозхонлар кўп бўлган вақтда қопга ўрнатилган радиодан бошқариладиган мина ёрдамида амалга оширилганини айтишмоқда.

Террорчилар гуруҳи ҳужумни собиқ раҳбарининг ўлими учун қасос олишга қаратилган глобал кампаниянинг бир қисми деб атаган. Бироқ “Ислом давлати” яна учта портлашга алоқадорлигини тасдиқламади, улар орасида боғлиқлик бор-йўқлиги номаълумлигича қолмоқда.

Ўхшаш янгиликлар