• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +15.1°C
Detail image

2023-йилнинг 12-июн куни соат 19:17 да Фарғона вилояти Қўқон шаҳар Байналминал кўчасида жойлашган “Буюк ипак йўли” савдо комплекс худудидаги дўкон расталарида катта ҳажмдаги ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Фавқулотда вазиятлар вазирлиги 10 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 19:25 да воқеа жойига етиб боргани ва ёнғин ўчирилгани ҳақида хабар берганди. Юқоридаги вазиятдан сўнг бир қанча амалдорлар бозор 15 кун ва 1 ойлик муддатда тикланиб, фойдаланишга топширилиши ҳақида айтишган. Берилган ваъда бажарилиши юзасидан factchecknet.uz интернет нашри ўрганиш олиб борган.

“Воқеадан бир неча кун ўтгач, Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозоров ва Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов бозор ҳудудида тадбиркорлар билан учрашган. Жараён тавфсилотларини Gazeta.uz интернет нашрига очиқлаган вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари  Дилмурод Жумабоев: “Қурилиш ишлари 15 кунда якунланади”, — дея маълум қилган. Бунинг учун етарли қурувчилар жалб этилиб, вазият назоратга олинганлигини билдирган“, – дейилади материалда.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг бозор ҳудудида мулк эгалари билан учрашуви, бозорни 15 кун ичида тиклашга ваъда берган кун.

15-июн куни эса, Ўзбекистон Президентлигига ЎзЛиДеП дан номзод, амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг фарғоналик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтган. Учрашувда Шавкат Мирзиёев: “Қўқонлик тадбиркорларимиз хотиржам бўлсин, биз ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз”, — деб Қўқонда бўлган ёнғин юзасидан муносабат билдирган. Ушбу учрашувда “Бу бозор узоғи билан бир ойда тўлиқ тиклаб берилади, бунга барча куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Ким қайси дўконда фаолият юритган бўлса, ўша ерда тадбиркорлигини давом эттиради”, — деб ваъда берилган. Ушбу муносабат матнини ЎзЛиДеП ўз расмий телеграм саҳифасида ҳам эълон қилган.

Ёнғиндан кейинги лойиҳалаштиришга оид бозор жойлашуви схемаси

“Нашримиз журналисти Давлат раҳбари ва вилоят ҳокими томонидан берилган ваъдалар бажарилдими ёки йўқми, аниқлаш учун орадан икки ойдан ортиқ вақт ўтиб, 12-август ва 8-сентябрь кунлари Қўқон шаҳридаги “Буюк ипак йўли” савдо мажмуасининг ёнғин содир бўлган қисмида бўлди. Бозорда эса ҳали қурилиш монтаж ишлари тўлиқ якунланмаганининг гувоҳи бўлди. Қуйидаги фотосуратлар бозор ҳудудидан олинган ҳолатни тасвирлайди”, – дейди factchecknet.uz нашри.

Фото: factchecknet.uz

Ёнғиндан сўнг бозор ҳудудидаги магистрал йўлга кўчириб ўтқазилган савдогарлар шу ҳолатда тадбиркорликни амалга оширмоқда. Фото 12-август санасида олинган.

Фото: factchecknet.uz

Фото: factchecknet.uz

Фото: factchecknet.uz

Ёнғиндан кейин бозорни қайта тиклаш ишлари бошланган. Ҳар бир савдогар учун мана шундай дўконлар қурилиши бошланган. Бироқ берилган ваъдага мувофиқ бозор ҳануз битказилмаган.

“factchecknet.uz интернет нашри эса “ҲУКМ: БАЖАРИЛМАДИ”, — дейди ўз материалида.

Бозорнинг бир қисмида эса янги савдо дўконларининг айримларига, тўлиқ битмаган бўлса ҳам, савдогарлар кўчиб киришни бошлашган. “Бу ердаги ишларнинг тўлиқ якунланишига 20 кун ёки 1 ойдан ортиқ вақт кетади”, — дейди исмини очиқлашни истамаган савдогарлар.

Ушбу ҳодисадан “Рисқ барака савдо комплекси” МЧЖ жаъми миқдорда қанча зарар кўрганлиги бирор манбада очиқланмаган. Бироқ,“Рисқ барака савдо комплекси” МЧЖни қайта қуриш ишлари сметасини очиқлаган баёноти ижтимоий тармоқларда тарқалган. Унга кўра, қурилиш ишлари лойиҳаси 26 млрд сўмга баҳоланган. Шундан, 15 млрд сўми банкнинг кредит маблағлари ва қолган 11 млрд сўми жамиятнинг 49 % таъсисчисининг хусусий маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Бозор маъмуриятининг ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумоти.

Зарарни қоплаш бозор мажмуасини қайта қуриш ва фойдаланишга топшириш жараёни билан боғлиқ бўлиб, тадбиркорлик жараёни билан вақтинчалик шуғуллана олмаётган дўкон эгаларининг ўтган муддат ичидаги йўқтишларини компенсация қилиш бўйича ҳеч қандай муносабат ёки баёнот берилмаган. Биз жараённи кузатишда давом этамиз.

 

Ўхшаш янгиликлар