• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида навоийлик И.О.га нисбатан ўғриликка оид жиноят иши кўриб чиқилди, деб хабар беради ЎзА.

1999 йилда Бухоро вилоятида туғилган, айни пайтда Навоий вилоятида доимий рўйхатда турган бу шахс Тошкентдаги «Абу-сахий» савдо марказида жойлашган жоме масжидига бомдод намози пайти кириб борган. Масжид таҳоратхонасидаги кийим қўйиш жойида турган курткалардан бирининг чўнтагидаги 60 минг сўм ва «Samsung A24» русумли телефон аппаратини ўғирлаб, воқеа жойини тарк этган.

Бошқа куни эса Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжиди таҳоратхонасига кириб, «Samsung A23» телефон аппаратини «қўлга киритган».

Судланувчи И.О. суд мажлисида эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, ҳақиқатан ҳам масжидларга кириб, таҳоратхонасига илиб қўйилган уст кийимларнинг чўнтакларидан пул ва телефон аппаратларини ўғирлаб олганини тан олди. Пулни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборганини, телефон аппаратларини эса ҳар бирини 500 минг сўмдан сотиб юборганини маълум қилди.

Айбланувчи суд жараёнида аслида масжидга намоз ўқиш учун борганини, лекин таҳоратхонада ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўғрилик қилганини, шундан кейин намоз ўқимай масжиддан чиқиб кетганини айтар экан, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини, енгилроқ жазо тайинлашни, жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаб беришини айтди.

Жабрланувчилар З.Ё. ҳамда Ш.С. суддан судланувчига нисбатан қонуний жазо беришни сўради.

Суд И.О.га нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда, жиноятларни ғаразли мақсадларда содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат, деб топди. Айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини эса жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб баҳолади. Суд ҳукмига кўра, И.О.га 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд жараёнида иш бўйича етказилган моддий зарарлар масаласи муҳокама қилинди. Судланувчи И.О.дан жабрланувчи З.Ё. фойдасига 2 миллион 783 минг сўм, жабрланувчи Ш.С. фойдасига 1,5 миллион сўм ундириладиган бўлди.

Ўхшаш янгиликлар