• 10769.78
  • 12166.62
  • 146.17
weather Тошкент: +6.8°C
Detail image
Тошкентда учта йирик объект хусусийлаштирилди. Хусусий компаниялар уларнинг мулкдорига айланди. Давлат активларини бошқариш агентлигининг матбуот хизмати сотилиш нархлари ва янги мулкдорларнинг номларини эълон қилди, деб ёзади Sputnik нашри.

Газета нашриёти биноси (манзил: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Бухоро ва Нуронийлар кўчасининг кесишмаси) 78 млрд сўмга сотилди. Metro Plaza МЧЖ савдолар ғолибига айланди.

«Газета.uz» нашрининг аниқлик киритишича, Metro Plaza МЧЖ 20 млрд сўм устав капитали билан 2021 йил 21 апрелда рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолият тури – тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича консультациялар бериш. Компания таъсисчилари сифатида Миродил Фозилов (50%), Хасан Мамасаидов (25% ва Хусан Мамасаидов (25%), раҳбар сифатида — Оятулло Асқаров кўрсатилган.

Ака-ука Мамасаидовлар — Office Market (полиграфия), Dekos (промомаҳсулотлар ва бизнес-совғаларни етказиб бериш, ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқишга ихтисослашган) ҳамда MFaktor (бизнес ва тадбиркорлик тўғрисидаги YouTube-лойиҳа) компанияларининг асосчилари ҳисобланган таниқли тадбиркорлар.

Шунингдек Миродил Фозилов тураржой биноларини қуришга ихтисослашган Oazis Lux Investments (50%, Oazis меҳмонхонаси) ва Royal Central Development (100%) компанияларида улушларга эга.  
 
Тошкентдаги «Ичон қалъа» мулк мажмуси 74,2 млрд сўмга QUADRO IH DMCC компаниясига сотилди.  Spot ва бошқа ОАВларнинг маълумотларига кўра, аввал меҳмонхона Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган ва Чорвоқ сув омбори соҳилидаги “Сижжак” дам олиш зонаси билан бирга давлат назорати остига ўтган.

Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасидаги ДХХнинг собиқ биноси 210 млрд сўмга сотилди. Объект METROPOL GROUP МЧЖ томонидан сотиб олинди. «Газета.uz» нашрининг қайд этишича, ушбу компания 2021 йил 23 февралда Тошкентда рўйхатдан ўтган. Асосий фаолият тури – тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича консультациялар. Таъсисчи 100% улуш билан – Дониёр Абдулазизович Комилов (ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли), компания раҳбари  — Георгий Игоревич Якушевич.

Бош саҳифадаги фотосурат: Kun.uz

Ўхшаш янгиликлар