• 10692.00
  • 12447.63
  • 150.46
weather Тошкент: +6.8°C
Detail image
Ўзбекистонда шифокорлар, ҳамширалар, санитаркалар ва лаборантлар орасида COVID-19 га чалинганлар сони ўсиб бормоқда. COVID-19 дан вафот этган тиббиёт ходимларининг аниқ сони ошкор этилмаяпти, эҳтимол бундай статистика юритилмаётгандир ҳам. Аммо мотам рўйхати узлуксиз тўлиб бормоқда. Яқинда Лазокат Илёсова – 7-шаҳар клиник касалхонасининг кардиолог шифокори ҳаётдан кўз юмди. Марҳуманинг яқинлари Anhor.uz таҳририятига мурожаат қилиб, “шифокорнинг ўлимига касалхона раҳбариятининг совуққонлиги ва енгилтаклиги олиб келганини” маълум қилди. 

Мурожаатда айтилишича, 8 август куни 7- шаҳар клиник касалхонасининг кардиолог шифокори Лазокат Илёсова вафот этган. У 61 ёшда эди. Лазокат Илёсова 7- шаҳар клиник касалхонасининг кардиология бўлимида роппа-роса 35 йил меҳнат қилди. Унинг учта фарзанди бор, ҳаммаси тиббий олий ўқув юртларини тамомлаган. Бугун улар соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Яқинларининг қайд этишича, Лазокат Илёсова ўз касбининг фидойиси эди, маҳаллий тиббиётни ёмонлашларини оғриқли қабул қиларди. Аммо ўлимидан  бир неча кун олдин у давлат соғлиқни сақлаш тизимидан кўнгли совуганини ва невараларидан бирортаси тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатишини истамаслигини тан олди. Пандемияга қарши курашнинг саводсизларча тизими, тиббий ходимларга нисбатан совуққон муносабат, касалхоналар раҳбариятининг инфекцияни юқтирган, ковидга чалинган беморларни қутқаришга ёрдам берган шифокорларга нисбатан лоқайдлиги  - унинг ўз касбидан кўнгли совуб кетишига сабабчи бўлди.
 
Лазокат Илёсова яқинларининг таъкидлашича, ҳукумат карантин эълон қилиб, 60 ёшдан катта фуқароларга ўзини-ўзи изоляциялашни буюрганида, Лазокат Илёсова нафақат кардиология бўлимида ишлашда давом этган, балки санитария ўтказиш жойида навбатчилик ҳам қилган. У орқали эса барча касаллар ўтарди.

«У 61 ёшда экани ва хатар гуруҳига кириши билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Орасида коронавирусга ва икки томонлама пневмонияга чалинган беморлар ҳам бўлган оғир касалларнинг аҳволини кўрикдан ўтказиш, консультациялар бериш унинг вазифасига кирарди. Бунда уни ҳимоя воситалари билан таъминлашмаган ҳам. Шифокорлар ўз ҳисобидан комбинезонлар ва ниқоблар харид қилишга мажбур эди. Битта шундай костюмнинг нархи 150 сўм туради, булар бир марта кийиладиган комбинезонлар, уларни эса ҳар куни, яхшиси кунига бир неча марта алмаштириш керак, бироқ кўпчиликда бундай имконият йўқ. Кўп ҳолларда Лазокат Илёсова беморларни бевосита кўчада, тез ёрдам машинасида кўрикдан ўтказган, чунки касалхона беморларга тўлиб кетган. Шунингдек у тез-тез диагнозни шунчаки кўрикдан ўтказиш орқали қўйган, чунки бошқача ишлаш учун шароитлар йўқ эди.

Лазокат Илёсовада коронавирус аломатлари 10 июлда пайдо бўла бошлади, 17 июлда эса унга расмий тарзда COVID-19 ташҳиси қўйилди. У касалхонага ётишдан қатъиян воз кечди, айниқса давлат касалхонасига, чунки тиббиёт муассасалари қандай аҳволда эканини ўз кўзи билан кўрганди. Шу боис оила даставвал уни ўз кучи билан даволашга уринди. Уйда даволаш учун барча шароитлар яратилди, зарур дорилар ва аппаратлар, шу жумладан кислород концентратори харид қилинди, ССВнинг кўрсатмаларига амал қилинди. Аммо унинг аҳволи кун сайин ёмонлашиб борарди, холос. Шу боис Лазокат Илёсовани Akfa Medline клиникасига жойлаштиришга қарор қилинади.

Марҳума яқинларининг айтишича, улар муайян вақтгача клиниканинг ишидан мамнун бўлишган. Лазокат Илёсова шароитлардан шикоят қилмаган, шифокор сифатида уларнинг ишидан қониққан. У клиникага дақиқасига 48 та зарба, 70% сатурация, 38,5 С ҳарорат билан ётқизилган. Даволаш даврида ушбу кўрсаткичлар сезиларли яхшиланган ва 2 август куни уни уйига қўйиб юборишган. Бироқ ўша куни тунда у уйқусида алаҳсирай бошлаган, кейинги кунларда эса кучли беҳоллик кузатилган.Энцефалопатия бошланган (бош миянинг диффуз зарарланиш синдроси, одатда у бошқа оғир касаллик фонида ривожланади), аммо у ниманинг фонида келиб чиққани ноаниқ эди.

Оила Akfa Medline берган кўчирмани диққат билан ўрганиб чиққанидан кейин ва бошқа хусусий клиникада таҳлилларни топширганидан сўнг ҳаммаси тушунарли бўлди. Маълум бўлишича, Akfa Medline клиникасига ётқизилган пайтда Лазокат Илёсованинг қонидаги қанд миқдори 18 ммольл гача кўтарилган, клиникадан чиққанидан сўнг эса у ўлим даражасигача, яъни 40 ммольл гача ошиб кетган.

Марҳуманинг яқинлари қандай қилиб Akfa Medline да бундай хатога йўл қўйишганини тушунишмаяпти, “нега даволовчи шифокорлар беморда қанд даражаси юқори эканини била туриб, уни чиқаришдан олдин такрор таҳлилларни олишмади, нуга қандни назорат қилишмади, ахир улар пневмонияни даволашга қаратилган гормонал дорилар қанд даражасини кўтаришини ва уни мунтазам равишда назорат қилиб туриш кераклигини яхши билишлари керак”, - дейишмоқда улар.

«Биз беморнинг аҳволини барқарорлаштиришга муваффақ бўлдик, аммо биз қандни туширишга ҳаракат қилаётганимизда ўпка бардош беролмади. Энг даҳшатлиси эса – 7-клиник касалхона раҳбариятининг ковидга чалинган ўз ходимларига муносабати эди. Инфекцияни юқтирган шифокорлар ва ҳамширалар касаллик билан якка қолишади. Касалхона уларга ёрдам бермайди. Раҳбарият ҳатто ходимларининг аҳволи билан ҳам қизиқмайди, уларни деярли “рўйхатдан” ўчиришади.

Лазокат Илёсова даволанаётган пайтда касалхона маъмурияти бирор марта қўнғироқ қилиб, ўз ходимининг аҳволи билан қизиқмади, ёрдам таклиф этмади. Одамнишунчаки унутишди қўйишди. Фақат бир марта қўнғироқ қилиб, туман соғлиқни сақлаш бўлими учун унинг шахсий маълумотларини сўрашди. Лазокат Иноятовна яқинларига улар ковид-ижобий беморларга консультация бериш ва даволаш учун тақсимланадиган шифокорлар захирасини тайёрлашаётганини айтган. Яъни касалхона раҳбарияти ўз ходими оғир касал эканини била туриб, уни келажакда ишга жалб этишни режалаштирган.

Касалхона раҳбарияти ходимларининг аҳволига қизиқиш уёқда турсин, улардан энг зарур пайтда юз ўгиришгача борган. 7 август куни Лазокат Илёсованинг аҳволи кескин ёсонлашади. Охирги кунгача унинг аҳволидан хабар олиб турган ҳамкасблари уни дарҳол 7-касалхонанинг реанимация бўлимига олиб боришни тавсия этишган. Бу ерда унга тезкор биринчи ёрдам кўрсатилган. Аммо бу бош шифокорга ёқмаган, у Лазокат Илёсованинг яқинларидан уни бу ерга оилб келишга ким рухсат берганини ва нега у  бу ерда эканини аниқлашга ўтган.

«Энг оғир пайтда, иложимиз қолмаганидан 7-касалхонага мурожаат қилгандик, чунки уни бошқа клиникага ётқизишга вақт йўқ эди, ҳар бир сония ҳисобда бўлганида, бош шифокор биздан юз ўгирди. Бизни бўш жой бўлмаган  вирусология институтига жўнатишмоқчи бўлишди, ҳолбуки реаниматорлар беморни ҳозир олиб юриш мумкин эмаслигини, у бардош беролмаслигини айтаётганди. Охир-оқибатда унга реанимацияда қолишга рухсат беришди. Унга нисбатан бундай муносабатдан ҳозиргача ўзимизни ёмон ҳис қиламиз. Эртаси куни – 8 августда у жон берди. У масъулиятли, садоқатли ходим, беморларга эътиборли шифокор эди. Бутун иш фаолияти давомида бирор мартаям касалхона таътилига чиқмаган. Ўзини қанчалик ёмон ҳис қилмасин, ҳар доим ишга чиқарди, аммо буни қадрлашмади», - дейилади мурожаатда.

Илёсовларнинг деярли барча оила аъзолари COVID-19 га чалинган, ҳозир улар даволанишда давом этмоқда. Уларнинг уйини Миллий гвардия қўриқлаган.

«Бугун шифокорлар инфекциянинг асосий ташувчилари ҳисобланади. Тиббий ходимлар беморларга бевосита яқин бўлиб, шунчаки юқтириш у ёқда турсин, уни катта дозаларда олаётганига қарамасдан, уларда тегишли ҳимоя воситалари етарли эмас. 7-клиник касалхона ковид ва пневмонияга чалинган беморларни қабул қилишга мутлақо тайёр эмас. Касалхонада тегишли шароитлар яратилмаган. Реанимация бўлимида жиҳозлар кам, қолган бўлимлар ҳам ёмон ҳолатда. Дорилардан, аппаратурадан фойдаланиш борасида жиддий муаммолар мавжуд. Лазокат Иноятовна уларга ишламайдиган тепловизорлар беришганидан шикоят қилганди. Касалхонадаги шифокорларнинг кўпчилиги вирусни юқтирган, кимдир тузалиб кетди, кимдир вирусология институтида ёки уйда  даволанмоқда, кимдир эса оламдан ўтди. Яқинда қабулхонада ишлайдиган ҳамшира вафот этди. Шифокорларнинг кўпчилиги оила аъзоларига ҳам юқтирган.

Биз ҳаммамиз ночор аҳволдамиз. Лазокат Иноятовна охиригача яшашни исташини айтиб, бунга умид қилганди. Биз ундан бир неча марта ишдан бўшашини сўрагандик, аммо у ҳозир пайти эмас дерди «Мен қандай қилиб беморларни ташлаб кетаман, шундоқ ҳам шифокорлар етишмаяпти, ҳамкасбларимни шунчаки ташлаб кетолмайман», - деганди. У бировлар ўйлагандай мўмай пул тушадиган жой бўлгани учун эмас, балки юрак амри билан ишларди. Ўлимидан бироз вақт олдин соғайганидан кейин бир кун ҳам касалхонада ишламаслигини айтганди. Невараларидан бирортаси тиббиёт соҳасида ишлашини истамаслигини айтганида биз ҳайрон қолгандик, чунки оилада ҳаммамиз шифокормиз. Инсон шу даражада хафсаласи пир бўлишигача бориши учун, у нималарни кўриши кераклигини бир тасаввур қилинг. Аммо унинг тиббиётдан эмас, балки соғлиқни сақлаш тизимидан кўнгли совуганди», - дейилади хабарда.

Ўхшаш янгиликлар