• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +28°C
Detail image

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 апрель куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда томорқа ерларининг эгалари суғориш учун сув танқислигига дуч келиши мумкинлиги қайл этилди. Шу боис, Сув хўжалиги вазирлигига ҳар бир маҳалла кесимида канал ва ариқларни тозалаш, сув таъминоти оғир жойларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиб, аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан яна 50 миллиард сўмдан йўналтирилиши айтилди.

Сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниши белгиланди. Унга кўра, 1 октябрга қадар 4 минг 500 километр суғориш тармоқлари тозаланади, 231 километри бетонланади, 3 мингта гидротехника иншооти таъмирланиб, 3 мингдан зиёд насос ўрнатилади, 281 та қудуқ қазилади.

«Маълумки, дунёда содир бўлаётган воқеалар сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўсиб бормоқда. Бундай шароитда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг иқтисодий чораси озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир», – дейилади мамлакат президентининг матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Шу боис бу йил юртимизда 7 миллион 700 минг тонна буғдой, 23 миллион тонна мева-сабзавот етиштириб, ички бозорни маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсад қилинган.

Давлат раҳбари деҳқонларни энг қийнайдиган масала сифатли уруғ топиш ва етиштирган маҳсулотини сотиш эканини таъкидлаб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимларига ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш, маҳсулотни кафолатли сотиб олиш бўйича кўрсатмалар берди. Бунинг учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратиладиган бўлди.

Маҳсулот етиштириш учун яна бир манба сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерлардир. Бу майдонларга ирригация тармоқлари тортиб, тадбиркорларни жалб этиб, мос келадиган экинлар экиш чоралари белгиланди.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тажрибали миришкорлар иштирокида аҳолига бозорбоп экинлар етиштиришни ўргатиш ва кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

Сўнгги вақтларда айрим ҳудудларда тадбиркорлар фаоллиги пасайгани, улар кредит, солиқ ва инфратузилма билан боғлиқ қийинчиликларга учраётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис давлат раҳбари тадбиркорларга рағбат ва мадад бўладиган кўплаб ташаббусларни илгари сурди. Хусусан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига қўшимча маблағ ажратиш ҳамда молиявий ёрдамлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатма берилди.

Хизматлар соҳаси учун тижорат банклари орқали тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилиши белгиланди. Бунда, кредит ставкаси, Тадбиркорлик жамғармаси компенсациясини ҳисобга олган ҳолда, 18 фоиздан ошмайди.

Шу билан бирга, вилоятларда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 300 миллион доллар ресурс берилади. Бу маблағ тадбиркорлар учун энг яхши шартлар таклиф қилган банкларга 7 йил муддатга 10 фоиз ставкада миллий валютада жойлаштирилади. Бунда, тадбиркорга тақдим этиладиган кредит ставкаси 14 фоиздан ошмайди.

Президент 2022 йил 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизимини соддалаштириш вазифасини қўйди. Авваламбор, мол-мулк солиғини ҳисоблаш тизими бозор тамойилларига ўтказилганини инобатга олиб, самарасиз ишлатилаётган объектлар бўйича таъсирчан солиқ механизмини (қўшимча юқори солиқ ставкалари) қўллаш тартиби бекор қилинади. Шунингдек, айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси дастлабки ўрганишсиз, автоматик тарзда берилади. Асоссиз аралашувларнинг олдини олиш учун энди 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилиши белгиланди.

Ўхшаш янгиликлар