• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +18°C
Detail image

Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) SpaceX компаниясига юқори тезликдаги кенг полосали сунъий йўлдош интернет тармоғига уланишни таъминлаш учун мўлжалланган Starlink тизимини Ўзбекистонда жойлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Агентликка таяниб “Фергана” нашри хабар беради.

Бу масала 9май куни “Ўзбеккосмос” бош директори Шуҳрат Қодиров ва SpaceX вакили Бен МакВильямс ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. “Музокаралар якунларига кўра, томонлар ўзаро манфаатли муносабатлар ва ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини қайд этдилар”, — дейилади Агентлик матбуот хизматининг хабарида.

Учрашув “Космик технологиялар ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ўрни” мавзусига бағишланган Space Technology Conference STC-2022 халқаро конференцияси доирасида бўлиб ўтди.

Форум арафасида “Ўзбеккосмос” вакили Мухиддин Иброҳимов Агентлик жаҳон компанияларини Ўзбекистон бозорига жалб этишга ҳаракат қилаётганини айтди.

“Starlink лойиҳаси, классик оптик каналлар билан рақобатлаша оладиган сунъий йўлдош Интернет технологияси ҳақида ҳамма билади. У дунёда фаол ривожланмоқда ва айланмоқда. Лойиҳа аллақачон Америкада ишламоқда ва Европа томон ҳаракатланмоқда. Биз ҳозир улар билан ушбу тизимни Ўзбекистон ҳудудида жойлаштириш масаласини фаол муҳокама қилмоқдамиз”, — дея Иброҳимовнинг сўзларидан иқтибос келтиради NOVA24.

Иброҳимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон нафақат SpaceX, балки Тошкент конференциясида иштирок этувчи Британиянинг энг яқин рақобатчиси OneWeb компанияси лойиҳасини ҳам кўриб чиқмоқда. Сунъий йўлдошлар туркумига қарийб 10 миллиард доллар сармоя киритаётган Amazon компаниясининг Kuiper лойиҳаси ҳам фаол муҳокама қилинмоқда.

“Агентлик сифатида биз Ўзбекистонга инновацион технологияларни олиб киришдан жуда манфаатдормиз. Агар биз қандайдир бир фикрга келиб, тил топишсак, бу жараён тезроқ кетади ва яқин келажакда сунъий йўлдошли интернет соҳасида қандайдир иштирокчини кўрамиз”, — деди “Ўзбеккосмос” вакили.

Ўхшаш янгиликлар