• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +9°C
Detail image

Россия Федерациясининг Курск давлат тиббиёт университетида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик талабалар ўз ватанларидаги олий ўқув юртларига кўчирилишини сўраб, республика президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат ёзиб олди. Видео 11 октябрь куни чоп этилган, деб ёзади “Фергана” нашри.

Талабаларнинг фикрича, Россиянинг Курск вилояти Украинанинг Суми вилояти билан чегарадош бўлганлиги сабабли, Россия қўшинлари томонидан Украина ҳудудида амалга оширилган “махсус ҳарбий операция”нинг таъсири машғулотлар ўтаётган ҳудудда ҳам сезилади.

“Тёткинога ҳар куни снарядлар тушади. Энг ёмони, 30 километр узоқликдаги Курск атом электр станциясига аллақачон уч марта ҳужум қилинган. Қўшни Белгородда аҳолининг катта қисми эвакуация қилинди, таълим онлайн тарзга ўтказилган”, — дейилади мурожаатда.

Талабалардан бирининг таъкидлашича, Қозоғистон “вазият барқарор бўлган пайтда” март ойида ўз талабаларини ватанига ўқишга қайтарган.

“Ҳурматли Шавкат Мирзиёев, сиздан ўқишимизни Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртларига кўчиришингизни сўраймиз”, – дея якунлайди талабалар мурожаатини.

Бир неча соатдан сўнг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати идоранинг расмий Телеграм-каналида республиканинг Россия Федерациясидаги элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ва муаммоларни ҳал қилиш учун Курск вилоятига жўнаб кетгани ҳақида хабар берди.

Курск тиббиёт университетининг маълумотларига кўра, 2022 йил август ҳолатига кўра, КДТУда 246 нафар Ўзбекистон фуқароси таҳсил олмоқда, шундан 206 нафар талаба Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ва Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти билан 5 та қўшма таълим дастурида таҳсил олмоқда.

Курск вилояти Глушковский туманидаги талабалар турар жойи жойлашган Тёткино қишлоғи ўққа тутилгани ҳақида Курск вилояти губернатори ўзининг Телеграм-каналида бир неча бор хабар берган. Охирги марта аҳоли пункти (эҳтимол, Украина ҳудудидан) 10 октябрь куни ўққа тутилган.

Ўхшаш янгиликлар