• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image

Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни ахборот технологиялари соҳасидаги натижалар ва жорий йилги вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни “драйвер” соҳага айлантириб, IT хизматларни 2,5 баробар ошириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш мақсади белгиланган. Давлат раҳбари бунинг учун Ўзбекистонни минтақавий IT-марказга айлантириш кераклигини таъкидлади.

Хизматлар кўламини мунтазам кенгайтириб бориш, соҳада экспорт ҳажмини шу йил якунига қадар 100 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди. IT-паркларга кўпроқ компанияларни жалб қилиш, масофавий хизматлар марказлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу орқали яна 5 мингдан зиёд ёшлар юқори даромадли ишга эга бўлади.

Йиғилишда телекоммуникация тармоғини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, бу йил 6 минг 800 та янги мобиль станция ўрнатиш, 80 та олис қишлоқни алоқа тизимига улаш, оптик толали алоқа қамровини 80 фоизга етказиш, 60 фоиз магистрал йўлларни мобиль интернет билан таъминлаш режалаштирилган. Тошкент вилоятида юқори қувватли Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилади.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясини трансформация қилиб, сифатли хизматлар экспорт қилувчи юқори технологик компанияга айлантириш, халқаро рейтинглар олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда магистрал автомобиль йўлларининг атиги 38 фоизи мобил интернет билан қамраб олингани қайд этилди. Соҳанинг ривожланиш ҳолати ҳудудлар кесимида бир маромда эмас – IT хизматларнинг 90 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Қорақалпоғистон, Андижон ва Сурхондарёда бу борадаги кўрсаткичлар жуда паст.

Айрим вазирлик ва идоралар эски, ишончсиз ва ўзаро интеграция қилинмаган ахборот тизимларидан фойдаланиб келмоқда.

Ўхшаш янгиликлар