• 11430.07
  • 12299.90
  • 147.90
weather Тошкент: +26°C
Detail image

10 июнь куни Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлис онлайн тарзда намойиш этилди, деб ёзади «Газета» нашри.

– Комиссия тузилган пайтдан (20 май) 9 июнгача деярли 19,2 минг таклиф келиб тушди, – дейди комиссия раҳбари, Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов. Таққослаш учун, унинг айтишича, 1990-1992 йилларда мамлакатнинг амалдаги Конституцияси яратилаётганда 6000 та таклиф тушган.

Қабул қилинган таклифларнинг деярли 11 мингтаси эркакларга, атиги 6000 га яқини аёлларга тегишли, яна 2000 га яқини аноним хабарлардир. Акмал Саидов аёлларни бу жараёнда фаолроқ иштирок этишга чақирди.

“Mening konstitutsiyam” онлайн платформаси орқали фуқаролар томонидан 6728 та, сall-марказ орқали 1744, маҳалла орқали 1680, халқ депутатлари кенгашлари орқали 804, электрон почта орқали 2000 дан ортиқ, Сенат ва Қонунчилик палатаси орқали – 2300 дан ортиқ таклифлар келиб тушган.

Акмал Саидовнинг сўзларига кўра, фуқаролар ҳам жамоавий мурожаатларни юборишни бошлаган. Масалан, Жамоат хавфсизлиги университети (собиқ Миллий гвардия ҳарбий-техника институти) профессор-ўқитувчилари томонидан имзоланган таклифлар пакети тайёрланган.

“Биз нафақат Тошкентда, балки барча 14 вилоятда учрашувлар ўтказамиз. Бу учрашувлардан муҳим хулоса шуки, конституциявий ислоҳотлар зарур. Бошқа фикрлар ҳам бор: “Бу нима учун керак? [Конституциянинг] кўп моддалари ишламайди” дейишмоқда. Лекин бизнинг фаолиятимиз шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг аксарияти конституциявий ислоҳотлар зарурлигини қўллаб-қувватламоқда”, — дейди комиссия раҳбари.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров халқ депутатлари кенгашлари орқали келиб тушган айрим таклифлар хусусида тўхталиб ўтди:

  • “Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси”да белгиланган “Инсон – жамият – давлат” тамойили Конституцияда давлат органларининг вазифалари ва ваколатлари чегараларини белгилашнинг асосий қоидасига айланиши;
  • Давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро тийилиб туриш ва мувозанат механизмини мустаҳкамлаш фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим омил бўлади, деди у;
  • Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини чекловчи, монополияга тўсқинлик қилувчи, хусусий мулкнинг кафолатлари ва дахлсизлигини таъминловчи янги нормаларни жорий этиш;
  • Таълим ва тиббиёт соҳаларида хусусий секторни ривожлантириш нормаларини жорий этиш;
  • Ҳаётда ўз ўрнини топа оладиган, мустақил дунёқарашга, етарли билимга эга бўлган шахсни шакллантириш учун мажбурий умумий таълимни кучайтириш, яъни сўз минимал шарт сифатида мажбурий умумий таълим тўғрисидаги нормани киритиш ҳақида кетмоқда, дейди сенатор.

Наримон Умаров, шунингдек, аҳоли ва депутатлар “умумий ва декларатив хусусиятга эга бўлган, одамлар ҳаётига таъсир қилмайдиган” ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишдан тийилишни сўрашаётганини таъкидлади.

“Депутатларимиз: “Эртага бу ишламаса, буни киритмайлик”, дейишмоқда”, – дейди у.

Акмал Саидов давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро тийилиб туриш ва мувозанат механизмини кучайтириш таклифи ҳақида гапирди.

“Бизда ҳокимиятнинг турли тармоқлари – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ўртасида ўзаро назорат ва мувозанат механизми мавжуд… Биз инсон ва давлат ўзаро мажбуриятларга эга, деб айтишга одатланганмиз. Бироқ, бу ерда савол жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳақида боряпти. Бу борада илгари хаёлимизга ҳам келмаган таклифлар бор”, – дейди у. 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) етакчиси Улуғбек Иноятовнинг айтишича, ҳозиргача партия томонидан 1300 та таклиф тўпланган, улар мавзулар бўйича гуруҳланган. Хусусан:

  • Қашқадарё вилояти Қамаши туман Кенгаши депутати Тамара Чориева Конституциянинг 18-моддасига имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиши мумкинлиги тўғрисидаги қўшимчани киритишни таклиф қилди;
  • Китоб туманидан депутат Зилола Норова Конституциянинг 24-моддасига “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устундир” деган қўшимчани киритишни таклиф қилмоқда;
  • Наманганлик депутат Умиджон Солиев 39-моддага “Давлат одамлар ҳаётининг минимал эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароит яратиши шарт” деган қоидани киритиш ташаббуси билан чиқди;
  • Марғилонлик депутат 63-моддани “оила мустаҳкамлиги учун эркак ва аёл жавобгардир” деган мазмундаги банд билан тўлдиришни зарур, деб ҳисобламоқда;
  • Яккабоғ туманидан сайланган депутат 64-моддани оила бузилганидан кейин қолган вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги низом билан тўлдиришни таклиф қилди;
  • Конституциянинг 64-моддасини “Ота-оналар фарзандлари вояга етгунларига қадар уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириши, уларга таълим бериши ва соғлиғини муҳофаза қилишга мажбурдирлар” деган банд билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.

Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Адолат” партияси фраксияси раҳбари Зухра Ибрагимова Конституциямизнинг 46-моддасида гендер тенглиги масалаларини кучайтириш таклиф этилгани, 40-моддасида давлатнинг барча турдаги тараққиёт учун тенг шароитлар яратиш мажбурияти белгилаб қўйилганини таъкидлади.

Бундан ташқари, 41-моддага давлатнинг мактабгача таълим ва олий таълимни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини киритиш таклиф этилмоқда. Конституцияда мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўтарилди.

 

Ўхшаш янгиликлар