• 10674.08
  • 12576.20
  • 146.91
weather Тошкент: +26.4°C
Detail image
Sreda.uz нашри ўқувчиларнинг эътиборига халқаро экологик (яшил) қурилиш стандарти (LEED)  бўйича сертификатланган мутахассис Темур Ахмедовнинг фикрини ҳавола этади. Мақола муаллифи – энергия самарадорлиги, тикланадиган энергия манбалари ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро эксперт, “Ўзбекистонда экологик қурилиш бўйича кенгаш” ННТнинг аъзоси.
 
============================================

АЭС билан боғлиқ хатарлар таҳлилини бошлашдан олдин бир нечта жиҳатларни қайд этишни истардим:

Ушбу постда хатарга бизнес-термин сифатида ва ҳар қандай тизимнинг заиф қисмларини тавсифловчи термин сифатида қаралади;

Мен умуман олганда ядро энергетикаси соҳасидаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлайман;

АЭС хатарлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалар исталган мамлакатга тааллуқли. бу ҳолда мен Ўзбекистон ҳақида ёзяпман, чунки ҳозир мамлакат АЭС қуриш кераклиги ёки йўқлиги масаласини ҳал қиляпти;

Ушбу постда АЭСни қуриш, ундан фойдаланиш ва уни фойдаланувдан чиқариш лойиҳасининг ижтимоий ва экологик жиҳатларини кўриб чиқмаяпман. Унинг ижтимоий ва экологик жиҳатларига мен баён этган фақат бир нечта хатар тааллуқли. Авария ҳолатида (сабабларидан қатъи назар) давлат жабрланганлар ҳақида ўз ҳудудида ва қўшни ҳудудларда ғамхўрлик қилиши мумкин.

Дунёдаги бирорта АЭС тўлиқ хусусий асосда фаолият кўрсатмайди. Нима учун? АЭСнинг узлуксиз молиявий жавобгарлик компонентлари мавжуд, уларни бирортаям бизнес торта олмайди ва бирортаям суғурта қоплай олмайди. Бизнес хатарларнинг ҳар қандай даражаси билан, улар чекланган пайтда, ишлаши мумкин. Чекланган хатарларни ҳисоблаш мумкин. Суғурта компаниялари бундай хатарлар билан ишлайди.

Суғурта компаниялари ҳисоблай олмайдиган хатарларни форс-мажор ҳолатлари деб атайди (АҚШда бундай хатарларга “Худонинг ҳаракатлари” дейилади). Бу хатарлар суғурта полислари билан қопланмайди. Бизнеслардан ташқарида ҳам очиқ хатарлар қолади. Шунга мос равишда ушбу хатарлар қиймати улар кўрсатадиган хизматлар қийматига кирмайди. АЭС берадиган электр энергиясининг эълон қилинган нархлари камида ушбу чексиз хатарлар қийматини ўз ичига олмайди.

Узлуксиз молиявий мажбуриятларни қоплай оладиган ягона тузилма – бу аҳолини солиққа тортиш ҳуқуқига эга давлат. Давлат суғурта чегарасидан ташқарига чиқадиган барча хатарларни қоплаган ҳолда “охирги инстанция суғурталовчисига” айланади.

АЭСнинг қиймат ва хатарлар бўйича бир нечта асосий компонентлари бор:

·         Станциянинг ўзининг қиймати – юқори технологик мажмуани қуриш ва сақлаш;
·         Ядро ёнилғиси – етказиб бериш, сақлаш, хавфсизлик;
·         Ядро чиқиндилари – транспортировкаси ва сақланиши, шу жумладан узоқ муддат сақланиши (минг йиллар);
·         Инфратузилма – йўллар, сув таъминоти (совутиш ва бошқа эҳтиёжлар учун), юқори вольтли линиялар ва ҳ.к.;
·         Хавфсизлик – ҳудудни туррорчилардан қўриқлаш; назорат тизимларини ҳимоя қилиш учун кибер-қўриқлаш; ҳаво мудофааси тизими (дронлардан ва ракета технологиялари жуда кенг тарқалгани боис ҳатто ракеталардан ҳимоя);
·         Инсон омили сабабли авариялар хатари – жараённи максимал даражада автоматлаштириш инсон омилини камайтиришга ёрдам беради. Шунга қарамасдан, ҳар қандай мураккаб тизимда барибир инсон омили бўлади. Албатта, АЭС Чернобиль ҳалокати давридан буён жуда ривожланиб кетди. Бироқ Ўзбекистонда мутахассислар йўқ, мутахассисларни узоқ муддатли ишончли тайёрлаш тизими ҳам йўқ;
·         Табиат ҳодисалари билан боғлиқ хатарлар (зилзила, ва ҳ.к.). Биноларни лойиҳалаштиришда мутахассислар воқеаларнинг муайян даражаларини кўзда тутади (қанчадир баллик зилзила; шунча ҳароратдаги ва шунча давомийликдаги ёнғин ва ҳ.к.). Энг “яшовчан” тизимлар қувватларни захира қилишнинг 3-4 даражасига эга бўлади, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам тизимнинг “яшовчанлиги” бўйича даражалар чегараси мавжуд.
·         АЭСни фойдаланувдан чиқариш. АЭСни шунчаки “ўчириб” қўя олмайсиз. Станцияни ёпиш – бу мураккаб, узоқ давом этадиган ва жуда қиммат жараён. Станцияни фойдаланувдан чиқариш бўйича ишларни амалга ошира оладиган ва бунга ҳуқуқи бўлган мутахассислар кўп эмас.  АЭСни фойдаланувдан чиқариш қийматини лойиҳа таннархини ҳисоблаш ва электр энергиясининг қийматини белгилаш пайтида ҳисобга олиш керак, чунки фойдаоанувдан чиқариш учун маблағлар сарфланиши шарт.

3-7 бандлар чексиз хатарларни ўз ичига олади. Бирорта бизнес бу бандларни мустақил равишда қоплай олмайди. Чиқиндиларни сақлаш билан боғлиқ хатарлар чексиз (20 000 йил). авариялар билан боғлиқ хатарлар чексиз (Припять шаҳри яна жуда кўп йиллар давомида яшаш учун яроқсиз бўлади). Табиий офатлар сабабли авариялар билан боғлиқ хатарлар чексиз (Фукусима – давлат кўмагисиз компания аллақачон хонавайрон бўлган бўларди, эҳтимол хонавайрон ҳам бўлар). Хавфсизликни фақат давлат таъминлаши мумкин. Хусусий қўриқлаш ташкилоти террорчилар, дронлар ёки ракеталар ҳужумини қайтара олмайди. Хусусий қўриқлаш ташкилоти, айниқса бошқа мамлакатлардаги  террорчиларнинг эҳтимолий режаларини аниқлаш бўйича разведка ишларини олиб боролмайди.

Ўзбекистон ядро чиқиндилари бўйича ва мутахассислар бўйича бошқа мамлакатлардан узоқ даврга боғлиқ бўлади. Бундай ҳолат Ўзбекистон учун бошқариб бўлмайдиган хатарларни яратади. Жамоатчилик ёки ядро чиқиндиларимизни қабул қиладиган мамлакатларнинг янги раҳбарияти режаларни ўзгартириши мумкин. Бу ҳолда Ўзбекистон масалани мустақил равишда ҳал қилиши керак бўлади. Мутахассисларни тайёрлаш бўлғуси номзодларнинг жиддий миқдорига эга бўлиш учун ўрта таълимда яхши база бўлишини талаб қилади. Бунинг учун ўрта таълимни кўтариш керак.
 
Юқорида айтилганларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, АЭСни қуриш, ундан фойдаланиш ва фойдаланувдан чиқариш  “чексиз” молиявий мажбуриятлар билан қатор хатарларга эга.  Бу хатарларни тушуниш ва АЭС қурилиши ҳақидаги қарорни қабул қилишда ҳисобга олиш зарур.

Менинг фикрим: АЭС — иқтисодий жиҳатдан манфаатсиз ва экологик жиҳатдан хавфли энергия тури. Ўзбекистон ушбу энергия тури билан боғлиқ хатарларни мустақил равишда қоплай олмайди. Ўзбекистонда авария хатарини қоплашга мамлакат бюджети етмайди. Станция атрофидаги инфратузилмани сақлаш билан боғлиқ улкан харажатлар бюджетга осилиб қолади. АЭСни таъмирлаш учун ўчириб бўлмайди.
 
Ўзбекистон учун энергия ишлаб чиқаришнинг энг хавфсиз турлари – марказлаштирилмаган қуёш ва шамол генераторларидир, улар АЭСга қараганда анча арзонга тушади. Тикланадиган энергия манбалари – қуёш батареялари, шамол генераторлари, сувни қуёшда ичитиш ва бошқалар – АЭСдаги каби хатарларга эга бўлмайди.

Ўхшаш янгиликлар